Полиция Олмаотадаги ҳостел ижарачисини қўлга олди, у ерда 13 киши ҳалок бўлди
Олам
−
01 Декабрь 2023
5565Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Олмаотадаги ёнғинда 13 киши ҳалок бўлган ҳостелнинг ижарачисини қўлга олди. Бу ҳақда Қозоғистон Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.
“30 ноябрь куни Олмаота ётоқхонасида содир бўлган ёнғин юзасидан Жиноят кодексининг 292-моддаси 3-қисми (Ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш, эҳтиётсизлик оқибатида икки ёки ундан ортиқ шахснинг ўлимига сабаб бўлиш) бўйича судгача тергов бошланди”, дейилади баёнотда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг тажрибали ходимларидан идоралараро тергов-тезкор гуруҳи тузилиб, экспертиза тайинланди.
“Ўша куни прокуратура ходимлари томонидан ушбу жиноятни содир этишда гумон қилиниб, ҳостел ижарачиси А.Муҳамедяров қўлга олиниб, вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилди. Тергов доирасида ҳостел фаолиятига алоқадор барча шахсларнинг ҳаракатларига баҳо берилади”, дея изоҳ берди матбуот хизмати.
Олмаота шаҳрида Ади Шарипов кўчасидаги ҳостелдаги ёнғинда ҳалок бўлган ўзбекистонликлар:
• Нусрат Абдулла ўғли Абдувоҳидов – 2000 йил 29 ноябрь куни туғилган – жорий йилнинг 21 ноябрь куни Қозоғистонга борган;
• Сайлабай Индиматдинович Калиев – 2000 йил 9 январь куни туғилган – Қозоғистонга қачон боргани номаълум.
Эслатиб ўтамиз, 30 ноябрь куни соат 05:33 атрофида Олмаота шаҳрининг Ади Шарипов кўчасида жойлашган бинода ёнғин чиқди. Фавқулодда вазият вақтида ичкарида 72 киши бўлган. Уларнинг аксарияти эвакуация қилинган. Қутқарувчилар етиб келгач, 13 кишининг жасади топилган. Улардан 9 нафари Қозоғистон, икки нафари Ўзбекистон ва яна иккиси Россия фуқаролари экани аниқланди. Шунингдек, икки киши шифохонага етказилган. Дастлабки тахминларга кўра, қурбон бўлганлар карбон моноксит (ис гази)дан заҳарланиш оқибатида вафот этган бўлиши мумкин.
Ёнғин ортидан фавқулодда ҳолат сабабларини ўрганиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилди.
LiveБарчаси