Полиция ходимлари ўзбекистонликлардан пул талаб қилиб, уларни калтаклади

Олам

image

Россиянинг Москва вилоятига малакали мутахассис сифатида ишлашга борган икки Ўзбекистон фуқароси шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда ТИВ Матбуот хизмати хабар берди.

Кеча, 25 сентябрь куни Ўзбекистоннинг Россиядаги Элчихонаси Консуллик бўлими ходимлари Ўзбекистон фуқаролари И.Х. ва Д.Б. нинг ҳолидан хабар олди. 

Қайд этилишича, улар 20 сентябрь куни фуқаролик кийимидаги полиция ходимлари иштирокида содир бўлган воқеадан сўнг оғир жароҳатлар билан Москва вилояти Балашиха шаҳридаги шифохонага жойлаштирилган. Жабрланганлар сўзларига кўра, улар федерал аҳамиятга эга объектларда реставрация ишларини олиб бориш учун малакали мутахассис сифатида Россияга таклиф қилинган.

ОАВ тарқатган хабарларга кўра, ўзбекистонликлар Политехника музейини таъмирлаш учун таклиф қилинган. Улар шифохонага ётқизилишига фуқаролик кийимидаги полиция ходимларининг калтаклашидан қочиш учун иккинчи қават деразасидан сакрагани сабаб бўлган. Полициячилар ўзбекистонликлардан 10 минг руль талаб қилиб, уларни ура бошлаган. Ойнадан сакраган ўзбекитонликлар маълум вақт ерда хушсиз ётган. Уларни тожикистонлик мигрантлар кўриб қолиб, тез тиббий ёрдам чақирган.

Элчихона вазиятни назоратга олган ва Россия Ташқи ишлар вазирлиги, Бош прокуратураси, Тергов қўмитасига расмий мурожаат қилган ҳамда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонаси билан биргаликда ўзбекистонликларни даволатиш учун тўловни амалга ошириш масаласини ҳал қилмоқда. 

Консуллик-ҳуқуқий департаменти эслатиб ўтишича, Россиянинг Марказий федерал округи (Белгород области, Брянск области, Владимир области, Воронеж области, Иваново области, Калуга области, Кострома области, Курск области, Липецк области, Москва шаҳри, Москва области, Орлов/Орёл области, Рязан области, Смоленск области, Тамбов области, Твер области, Тула области, Ярослав области) ва Арманистон ҳудудидаги фуқаролар зарур вазиятларда Москва шаҳридаги элчихонага қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкин: +7 499 230-00-76, +7 499 238-36-20.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия элчихона

Баҳолаганлар

77

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг