Польшада олти нафар россиялик жосус қўлга олинди

Олам

image

Кеча, 15 март куни Польшада Ички хавфсизлик агентлиги ходимлари олти кишини Россия фойдасига жосуслик қилганликда гумон қилиб қўлга олди. Бу ҳақда RMF радиоси хабар берди. 

Қайд этилишича, гумондорларнинг барчаси шарқий чегарадан келган хорижликлар бўлиб, Россия махсус хизматларида ишлаган. Улар муҳим темир йўл кесишмаларида яширин камералар топилганидан сўнг қўлга олинган. Мазкур камералар поездлар ҳаракатини қайд этиб, маълумотларни интернетга узатган.

Манбага кўра, Подкарпак вилоятидаги (воеводства) темир йўлларда ва Украинага Ғарб қуролларини етказиб беришда фаол фойдаланиладиган Жешув-Ясёнка аэропорти ҳудудида ўнлаб шундай камералар ўрнатилгани аниқланган.

Британиянинг AIR Force медиа компанияси эса мазкур аэропортнинг аҳамиятига тўхталар экан, АҚШ армияси уни ҳимоя қилиш учун Патриот ҳаво мудофаа мосламаларини жойлаштирганини ёзган. Президент Байден ҳам айнан шу аэропортга учиб келган. 

Польшалик полковник Мацея Матисяканинг сўзларига кўра, Россия махсус хизматлари камералардан асосан Украинага қурол-яроғ етказиб берилгани ҳақида маълумот йиғиш учун фойдаланган. Шу билан бирга, у руслар қўлга киритилган маълумотлардан қўпорувчилик уюштириш учун фойдаланиши мумкинлигини истисно этмаган.

“Ушбу маълумотлардан қарши чоралар, жумладан, саботаж, қўпорувчилик, вайрон қилиш учун фойдаланиш мумкин. Руслар буни қилган, қилмоқда ва яна қиладилар. Масалан, Чехиядаги ўқ-дорилар ишлаб чиқарувчи заводга ҳужум содир бўлганини ҳаммамиз кўрдик”, дейди полковник Матисяка.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Британиянинг Берлиндаги элчихонаси қўриқчиси Девид Смит Россия учун жосуслик қилгани аниқланган ва суд қилинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Польша Россия разведкаси россиялик жосус

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг