Польша НАТОнинг 4-моддасини ишлатишдан воз кечди. Бу моддада нима дейилганди?
Олам
−
17 Ноябрь 2022
17214Польша ҳукумати ракета ҳодисасидан кейин таҳдид юзага келган тақдирда Шимолий Атлантика шартномасининг 4-моддасини маслаҳатлашувлар бўйича қўлламасликка қарор қилди. Бу ҳақда кеча, 16 ноябрь куни Польша Бош вазири Матеуш Моравецкий Польша телевидениеси орқали маълум қилди.
“Аслида биз бу маслаҳатлашувларни ўтказяпмиз. Бироқ, ҳақиқатан ҳам Вашингтон мудофаа шартномаси доирасида иштирокчиларни таҳдид юзага келган тақдирда маслаҳатлашувлар ўтказишга мажбурловчи тўртинчи модда бор. Биз Президент билан биргаликда Миллий хавфсизлик қўмитаси доирасида кеча кечқурун 4-моддадан фойдаланиш учун зарур шарт-шароитларни текшириб кўрамиз, деган қарорга келдик. Агар шундай бўлса, элчимиз ундан фойдаланиш имкониятига эга эди”, дейди Бош вазир.
Унинг қайд этишича, янги маълумотлар ракета атайин Польша ҳудудига отилмаганини тасдиқлаган.
“Аммо воқеалар ривожи ва тунда олинган маълумотлар бизни бу Польшага атайлаб қилинган ҳужум эмас, деган хулосага олиб келди. Биздаги маълумотларга кўра, ҳозирча Польша ҳудудига ҳужум қилиш режаси йўқ эди. Шунинг учун биз 4-моддадан фойдаланмадик, балки уни тайёр ҳолда қолдирдик”, дейди Моравецкий.
4-моддада нима дейилган?
НАТО Низомининг 4-моддасида айтилишича, агар томонлардан бирининг фикрига кўра, бирон бир томоннинг ҳудудий яхлитлиги, сиёсий мустақиллиги ёки хавфсизлиги таҳдид остида бўлса, томонлар бир-бири билан маслаҳатлашишлари керак.
НАТО Низомининг 4-моддаси қачон қўлланилган?
Ўтмишда НАТО аъзолари етти марта альянс низомининг 4-моддасини фаоллаштирган. Улардан Туркия буни беш марта амалга оширди: 2003 йил февраль ойида Ироқдаги уруш туфайли, 2012 йил июнь ва октябрь ойларида Суриядаги можаро туфайли, 2015 йил июлида терактлар, жумладан, Суручдаги портлаш туфайли, 2020 йил февралида – яна Суриядаги вазият туфайли.
2014 йил март ойида Қримнинг Россия Федерацияси таркибига киришига жавобан 4-модда Латвия, Литва ва Польша томонидан фаоллаштирилди. 2022 йил февралида НАТОнинг бир қанча давлатлари Россиянинг Украинада “махсус операцияси” бошлашига жавобан бунга мурожаат қилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 ноябрь куни Польша шарқида, Украина билан чегарада жойлашган Пшеводув (Люблин водийси) қишлоғига ракета қулаб тушди ва икки киши ҳалок бўлди. Мамлакат Президенти Анжей Дуданинг сўзларига кўра, бу Польшага атайлаб қилинган ҳужум эмас. Варшавада маълум бўлишича, 1970-йилларда ишлаб чиқарилган С-300 типидаги зенит-ракета тизимининг ракетаси Украина ракетага қарши мудофаа/ҳаво ҳужумига қарши мудофаа кучлари томонидан ишлатилган.
Польша ҳукумати 16 ноябрга ўтар кечаси Хавфсизлик ва мудофаа қўмитаси йиғилишини ўтказди. Бундан ташқари, Варшава НАТО, АҚШ ва бошқа иттифоқчилар билан маслаҳатлашди. Дуда НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг, АҚШ Президенти Жо Байден ва Украина етакчиси Владимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилди. Польша ҳукумати ҳам турли даражадаги ҳамкорлар билан музокаралар олиб бормоқда. Польша ҳукумати барча хизматларни юқори шай ҳолатга келтириш ва ҳаво ҳудуди мониторингини кучайтиришга қарор қилди.
Россия Мудофаа вазирлиги Польша оммавий ахборот воситалари ва расмийларининг Россия ракеталари қулагани ҳақидаги баёнотларини провокация деб атади ва Украина-Польша чегараси яқинида Россия қуролларининг зарбалари йўқлигини айтди.
LiveБарчаси