Польша Германия чегарасига қўшин юборди
Олам
−
04 Октябрь 2025 9505 2 дақиқа
Польша ҳукумати мамлакатнинг ғарбий ва шарқий чегараларида чегара қўшинларига ёрдам бериш мақсадида мунтазам Қуролли кучлар бўлинмаларини жойлаштирди. Бу ҳақда республика Миллий хавфсизлик бюроси сайтида хабар берилди.
Тегишли фармонни кеча, 3 октябрь куни Польша Президенти ва Қуролли кучлар бош қўмондони Карол Навроцкий имзолаган.
“2025 йил 5 октябрдан 2026 йил 4 апрелгача Польша Қуролли кучлари қисмлари ва бўлинмалари давлат чегарасининг дахлсизлигини, жамоат хавфсизлиги ва тартибини таъминлаш учун Германия Федератив Республикаси ва Литва Республикаси билан бўлган давлат чегаралари ҳудудидаги ўтиш пунктларида ва чегара зоналарида хизмат қилади”, дейилади хабарда.
Жорий йилнинг 1 октябрь куни Польша Ички ишлар вазири Марцин Кервинский Германия ва Литва билан чегара назоратини яна олти ойга узайтириш тўғрисида фармон имзолаган. Бу чоралар “Болтиқ мамлакатларидан Польша орқали Ғарбий Европага ўтувчи миграция йўлини назорат қилиш” мақсадида кўрилган.
“Бу ерда биз мигрантларни Ғарбга ноқонуний олиб ўтишга уринган шахсларни қўлга оляпмиз. Беларус билан чегара яхлитлигини сақлаш ва уни ҳимоя қилиш Чегара хизмати учун ҳал қилувчи вазифадир”, дейилади вазирлик баёнотида.
Вазирлик маълумотига кўра, йил бошидан август охиригача Польша чегара ходимлари Литвадан Польшага ноқонуний кирган 483 нафар мигрантни қўлга олган. Шунингдек, “55 нафар ёрдамчи ва ташкилотчилар” ҳам ушланган, улардан 50 нафари ҳибсга олинган. Польшадан Германияга ноқонуний ўтган 2 мингдан ортиқ киши қўлга олинган, уларнинг 550 нафардан ортиғи илгари Беларусь-Польша чегарасини кесиб ўтган хорижликлар. Германия билан чегара ҳудудида эса Литвадан Польшага ноқонуний кирган 250 га яқин чет эллик ушланган. Шу билан бирга, 300 дан ортиқ киши Германиядан Польшага ноқонуний киргани аниқланган.
Live
Барчаси