Польша Франциянинг “ядровий соябони” остига ўтиш бўйича музокараларни бошлади
World
−
12 July 2211 2 minutes
Польша ва Франция вакиллари Парижда Франция Президенти Эммануэль Макроннинг Европа “ядровий соябони”ни яратиш ташаббуси доирасида дастлабки музокараларни ўтказди. Бу ҳақда Польша Ташқи ишлар вазирлиги ўзининг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.
“Франция Президентининг европалик ҳамкорлар билан “кенгайтирилган тийиб туриш” концепцияси бўйича стратегик мулоқотни бошлаш таклифига мувофиқ, 2026 йил 10 июль куни Парижда Польша ва Франция ядровий ҳамкорлик масалалари бўйича раҳбарлик гуруҳининг дастлабки маслаҳатлашувларини ўтказди”, дейилади вазирлик баёнотида.
Варшава муҳокамалар тафсилотларини ошкор қилмаган, фақатгина “томонлар Европадаги долзарб хавфсизлик масалаларига эътибор қаратганини” қайд этган.
Қайд этиш жоиз, бунгача Макрон Франциянинг “кенгайтирилган тийиб туриш” концепциясига ўтиш ниятида эканлигини маълум қилган эди. Бу концепция ҳамкорлар билан биргаликда машғулотлар ўтказишни ва Франция стратегик кучлари элементларини бошқа Европа давлатлари ҳудудида жойлаштиришни кўзда тутади. Шунингдек, Президент мамлакат ядровий арсеналини ошириш режасини эълон қилди. Бунда Париж бундан буён жанговар каллакларнинг аниқ сонини ошкор қилмоқчи эмас.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Финляндия Президенти Александр Стубб мамлакат ҳудудига ядровий қуролни импорт қилишга рухсат бергани ҳақида хабар қилинган эди.
Live
All