Польша чегарадаги транспорт чекловларидан воз кечиши керак – Лукашенко
Олам
−
11 Март 2023
4080Беларусь раҳбари Александр Лукашенко Польшани икки давлат чегараси орқали юк машиналарининг ҳаракатланишига қўйилган чекловлардан воз кечишга чақирди. Бу ҳақда маҳаллий ОНТ телеканали хабар берди.
“Менимча, америкаликлар Европани шу жирканч усул билан йўқ қилишга уринар экан, Европа, айниқса поляклар, бу ерда барибир чекинишига тўғри келади”, деган Лукашенко Вазирлар кенгаши йиғилишида.
Лукашенконинг таъкидлашича, Беларусь билан чегарадаги назорат-ўтказиш пунктлари фаолиятини изчил чеклаб келаётган Польшанинг хатти-ҳаракатлари кўплаб давлатлар, жумладан, Европа Иттифоқига аъзо давлатлар томонидан ҳам қабул қилинмаяпти.
“Улар (Польша расмийлари) ҳаммасини тўхтатиб қўйишди. Энг қизиғи шундаки, бундан биз энг кам зарар кўрмоқдамиз. Ҳатто Германия ҳам польшаликларнинг Беларусь билан чегарадаги ҳаракатларини қабул қилмайди. Бундан эса энг кўп шарқда жабр кўрмоқда: Хитой, айниқса Қозоғистон, ҳатто турклар, Бирлашган Араб Амирликлари. Ҳамма бунга қарши чиқди”, дейди Лукашенко.
Маълумот учун, Польша-Беларусь чегарасида олтита автомобиль назорати пункти мавжуд бўлиб, улардан учтаси 2023 йил февраль ойининг бошига келиб ўз фаолиятини тўхтатган. Жорий йилнинг 21 февралидан эса ЕИ ва Европа эркин савдо ассоциациясида рўйхатдан ўтмаган юк машиналарининг “Кукурики” назорат-ўтказиш пункти орқали ҳаракатланиши тақиқланган. Ҳозирда фақат “Тереспол” назорат-ўтказиш пункти чекловларсиз ишламоқда ва у орқали йўловчи транспорти ҳаракати давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ўзбекистон ҳукумати мазкур чеклов чоралари сабабли ўз юк машиналарининг Литва ҳудуди орқали транзитини таъминлаш бўйича музокараларни бошлагани маълум бўлганди.
LiveБарчаси