Покистондаги террористик ҳужум қурбонлари кўпайди
Олам
−
12 Декабрь 2023
4356Аввалроқ, Покистоннинг Хайбер-Пахтунхва вилояти шимоли-ғарбидаги полиция бўлимида “Толибон” ҳаракатининг Покистондаги бўлими портлаш уюштиргани ва оқибатда камида тўрт нафар хавфсизлик ходими ҳалок бўлгани, бир неча киши жароҳатлангани ҳақида хабар берилганди. Айни пайтда портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар сони 25 нафарга етди. Бундан ташқари, 27 нафар жангари зарарсизлантирилди, деб ёзди “Daily Sabah” нашри.
Покистон армияси маълумотларига кўра, худкуш-террорчи ва бомба ўрнатилган автомобиль билан боғлиқ ҳодиса эрталаб вилоятнинг Дера Исмоил Хон туманидаги хавфсизлик постларидан бирида содир бўлган. Теракт оқибатида 23 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган. Шу билан бирга, 6 нафар жангари зарарсизлантирилган.
Қайд этилишича, бинонинг қулаши оқибатида қурбонлар сони ортган, яраланганлар ҳам бор.
Бундан ташқари, Покистон хавфсизлик кучлари Дера Исмоил Хон туманидаги Даразинда ва Кулачи мавзеларида ҳам амалиёт ўтказган. Даразинддаги тўқнашувларда 17 нафар жангари, Кулачида 4 нафар жангари йўқотилган. Шунингдек, икки покистонлик ҳарбий ҳалок бўлган.
Маълумот учун, жорий йилда Покистонда, асосан, Хайбер-Пахтунхва ва Балужистон вилоятларида терактлар кўп содир бўлган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг апрель ойида Хайбер-Пахтунхва вилоятининг Сват туманида теракт содир бўлган ва оқибатда саккиз нафар полициячи ҳалок бўлиб, яна 57 киши жароҳатланганди. Июль ойида яна шу вилоятда портлаш содир бўлиши оқибатда 40 дан ортиқ одам ҳалок бўлганди. Бунинг учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олганди. Сентябрда ҳам вилоятда ҳарбий карвонга уюштирилган теракт оқибатида мамлакат армиясининг тўққиз нафар аскари ҳалок бўлди, беш нафари яраланди. 29 сентябрь куни вилоятнинг Ҳангу шаҳридаги масжидда портлаш бўлди. 4 ноябрь куни эса олти нафар жангари Покистон шимоли-шарқидаги Панжоб вилоятида жойлашган Мианвали шаҳри яқинидаги ҳарбий-ҳаво кучлари ўқув базасига ҳужум қилиб, учта самолётга зарар етказди.
LiveБарчаси