Покистондаги масжидда фожиавий портлаш содир бўлди (видео)
Олам
−
30 Январь 2023
8826Бугун, 30 январь куни Покистоннинг Пешовар шаҳридаги масжидда портлаш содир бўлди. Масжидга кирган террорчи ўзини портлатиб юборди. Бу ҳақда “Reuters” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, воқеа пешин намози вақтида содир бўлган. Шаҳар полициясининг айтишича, масжидда камида 260 нафар киши бўлган. Портлаш натижасида намозхонлар устига девор қулаб тушган. Оқибатда камида 32 киши ҳалок бўлган, 147 киши яраланган ва уларнинг аксарияти оғир аҳволда. Портлаш учун жавобгарликни ҳозирча ҳеч бир жангари гуруҳ ўз зиммасига олмаган.
Манбага кўра, Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош ҳудудида жойлашган Пешовар тез-тез жангари гуруҳлар, жумладан Покистон Толибон ҳаракати нишонига тушади. Ушбу гуруҳ сўнгги бир неча ой ичида полицияга қарши тез-тез ҳужумлар уюштирган. Хусусан, декабрь ойида жангарилар мамлакат шимоли-ғарбидаги аксилтеррор марказни эгаллаб, ҳукумат органлари билан музокара ўтказиш учун асирларни гаровга олганди.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 11 январида Афғонистон пойтахти Қобулнинг мамлакатда ҳокимиятни қўлга олган “Толибон” ҳаракати томонидан тузилган муваққат ҳукуматдаги Ташқи ишлар вазирлиги биноси ёнида портлаш содир бўлгани ҳақида хабар берилганди. Портлаш оқибатида 40 дан ортиқ ярадор Қобулдаги жарроҳлик марказига етказилган эди.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси