Покистонда ҳам маймунчечак вируси аниқланди
Олам
−
16 Август
3434Покистонда ҳам маймунчечак билан касалланганлар аниқланди. Бу ҳақда “The Times of India” хабар берди.
Мамлакатнинг Хайбер-Пахтунхва провинциясидаги маҳаллий соғлиқни сақлаш бошқармаси беморларда аниқланган учта ҳолат ҳақида маълумот берар экан, уларнинг хориждан кириб келганига ишора қилган. Уларда касалликнинг қайси тури мавжудлиги ҳозирча аниқ эмас. Беморларнинг барчаси карантинга олинган.
Покистонда маймунчечак касаллиги 34 ёшли эркак Бирлашган Араб Амирликларидан кириб келганида қайд этилган. Жорий йилнинг 3 август куни у Пешоварга йўл олган ва шу куни бетоб бўлиб, бемор зудлик билан шифохонага етказилган.
Хайбер-Пахтунхва соғлиқни сақлаш хизмати бош директори Салим Хон беморларнинг икки нафарида маймунчечак вируси (М-pox) борлигини тасдиқлаган. Учинчи беморнинг намуналарига аниқлик киритиш учун пойтахт Исломободдаги Миллий соғлиқни сақлаш институтига юборилган.
Вируснинг биринчи аломатлари 5-21 кун ичида намоён бўлади. Маймунчечак одатда юқори иситма, бош оғриғи, бел ва мушак оғриғи, шишган лимфа тугунлари, чарчоқ, титроқ ва сувчечакка ўхшаш терида тошмаларни келтириб чиқаради. Муайян даволаш усули мавжуд эмас, аммо касаллик антивирал препаратлар билан даволанади. Аксарият ҳолларда касаллик енгил кечиб, беморлар бир неча ҳафта ичида тузалиб кетади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Африкада тез-тез учрайдиган ва, айниқса, Конго Республикасида ўз таъсирини кучайтирган маймунчечак вируси (М-pox) туфайли глобал фавқулодда ҳолат эълон қилганди. Қарийб 70 йил олдин аниқланган вирус охирги 3-4 йил ичида одамларга тезроқ юқа бошлади.
Африкада 2023 йил сентябридан бери маймунчечакнинг янги эпидемияси давом этмоқда. Қитъада 13,7 минг ҳолат қайд этилган, 456 киши вафот этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Швеция ҳукумати мамлакатда маймунчечак касаллиги (М-pox) қайд этилганини маълум қилганди. 2023 йил охирида янги эпидемия бошланганидан бери бу вирус Африкадан ташқарида биринчи марта айнан ушбу мамлакатда аниқланган. Расмийларнинг тушунтиришича, бемор касалликни Африкага сафари пайтида юқтирган.