Покистон ва Афғонистон чегарасида жанглар қайтадан бошланди
Олам
−
19:13 1565 2 дақиқа
Покистон ва Афғонистон чегарасида вақтинчалик сулҳ муддати тугагач, ҳарбий ҳаракатлар қайтадан бошланди. Қурбонлар бор. Бу ҳақда афғон расмийларига таяниб, “Associated Press” хабар берди.
Афғонистоннинг Кунар вилояти ахборот ва маданият департаменти директорининг маълум қилишича, ўт очишни тўхтатиш муддати тугагач, Покистон ҳарбийлари Нарай ва Саркано туманларига ўнлаб снарядлар отган. Оқибатда икки нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган, саккиз киши яраланган.
Афғонистон чегара қўшинлари бунга жавобан ўт очиб, Покистоннинг учта ҳарбий пости йўқ қилингани ва бир ҳарбий хизматчи ўлдирилганини маълум қилган. Покистон ҳарбийлари ҳозирча ушбу маълумотга изоҳ бермаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ийд ал-Фитр байрами арафасида Саудия Арабистони, Туркия ва Қатар воситачилигида сулҳ эълон қилинган эди. Бунгача февраль ойи охирида Покистон авиацияси Афғонистон ҳудудига зарбалар бериши билан вазият кескинлашган эди. Афғонистон расмийларига кўра, 16 март куни Қобулдаги реабилитация марказига берилган зарба 400 дан ортиқ кишининг ҳаётига зомин бўлган. Исломобод фуқаролик объектига зарба берилганини рад этиб, нишон ўқ-дори омбори бўлганини таъкидламоқда.
Покистон Афғонистонни 2021 йилда “Толибон” ҳокимиятга келганидан сўнг мамлакат ҳудудида ҳужумларни кучайтирган “Теҳрик-э-Толибо Покистон” (ТТП) жангариларига бошпана беришда айбламоқда. Афғонистон ҳукумати бу айбловларни рад этади. Ўтган ҳафтада Исломобод “Ғазаб лил-Ҳақ” операцияси бошланганини ва юзлаб жангарилар йўқ қилинганини эълон қилди.
Live
Барчаси