Покистон, Афғонистон ва Ўзбекистон Трансафғон темир йўлини қурмоқчи. Бу Ўзбекистонга нима беради?
Олам
−
19 Июль 2023
6046Покистон, Ўзбекистон ва Афғонистон кеча, 18 июль куни Трансафғон темир йўли қурилиши бўйича қўшма протоколни имзолади. У Ўзбекистон темир йўллари тармоғини Афғонистон ҳудуди орқали Покистон темир йўллари билан боғлайди.
Афғонистоннинг Исломободдаги элчихонаси хабарига кўра, протокол Покистон пойтахтида уч давлат ишчи гуруҳи учрашуви якунлари бўйича имзоланган. Темир йўл артериясининг йўналиши Ўзбекистоннинг Термиз, Афғонистоннинг Мозори Шариф ва Логар шаҳарларидан ўтиб, Куррам вилоятидаги Харлачи чегара пунктида Покистон ҳудудига етиб боради.
Покистон Темир йўллари вазирлигининг маълум қилишича, уч давлат темир йўл линияларининг туташуви ва улар бўйлаб юк ва йўловчи ташиш иштирокчи давлатлар ўртасидаги минтақавий, транзит ва ўзаро савдони осонлаштирибгина қолмай, уларнинг иқтисодий ривожланишини таъминлайди ва минтақа аҳолисининг алоқаларини мустаҳкамлайди.
Покистон, Афғонистон ва Ўзбекистон ҳам лойиҳани эрта амалга ошириш учун техник тадқиқотлар бўйича йўл харитаси ва молиялаштириш манбаларини келишиб олгани айтилмоқда.
Ўзбекистон ҳисоб-китобларига кўра, Афғонистон орқали ўтадиган 760 км темир йўл Покистонга юкларни етказиб бериш муддатини тахминан беш кунга, транспорт харажатларини эса камида 40 фоизга қисқартиради. Тахминларга кўра, қиймати 6 миллиард долларгача бўлган лойиҳа 2027 йил охиригача якунланади, 2030 йилгача поездлар Трансафғон темир йўли бўйлаб йилига 15 миллион тоннагача юк ташиш имкониятига эга бўлади.
Янги темир йўл йўналиши Европа Иттифоқи мамлакатлари, Россия, Ўзбекистон ва Афғонистонни Яқин Шарқ ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларига товарлар экспорт қилиш учун Араб денгизидаги Покистон портлари билан боғлайди.
LiveБарчаси