Покистон Афғонистон билан чегарада 54 жангарини йўқ қилди
Олам
−
28 Апрель
3907Покистон хавфсизлик кучлари Афғонистон билан чегарадош Шимолий Вазиристон ҳудудида ўтказилган операция давомида 54 нафар жангарини йўқ қилди. Бу ҳақда Покистон армияси баёнот берди.
Қайд этилишича, хавфсизлик кучлари Афғонистондан мамлакатга киришга уринган жангариларга қарши операция ўтказган. Шимолий Вазиристонда хавфсизлик кучлари “Теҳрик-э-Толибон Покистон” ҳаракати аъзолари деб топилган 54 нафар жангарини йўқ қилган.
“Бу одамлар Покистон ҳудудида террорчилик ҳаракатларини содир этиш учун юборилган”, дейилади хабарда.
Покистон расмийларининг таъкидлашича, ушбу жангарилардан ташқари ҳам “Теҳрик-э-Толибон Покистон” ҳаракати аъзолари мамлакатда жойлашган бўлиб, у ердан ўз ҳужумларини режалаштирмоқда ва мувофиқлаштирмоқда. Бунга жавобан Қобулдаги “Толибон” раҳбарияти Покистондаги гуруҳнинг ҳаракатларига алоқадорлигини ва айбловларни рад этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистоннинг Балужистон вилояти пойтахти Кветта шаҳрида содир бўлган террорчилик ҳужумида 10 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди. Ҳужум учун жавобгарликни “Балужистон озодлик армияси” ўз зиммасига олган. Гуруҳ ўз баёнотида Покистон армиясига қарши ҳужумларни кучайтиришга ваъда берган.
LiveБарчаси