Покистон Афғонистон ҳудудига ҳаво ҳужуми уюштирди
Олам
−
18 Март
11179Бугун, 18 март куни эрталаб Покистон ҳаво кучлари Афғонистонда жойлашган “Теҳрик-и-Толибон Покистон” (“Покистон Толибони ҳаракати”) гуруҳи жангариларининг бошпаналари ва лагерларига ҳаводан зарбалар берди. Бу ҳақда “The Khorasan Diary” ахборот портали хабар берди.
Қайд этилишича, ҳаво ҳужумлари нишони Покистон-Афғонистон чегараси яқинида жойлашган Ламан (Пактика вилояти) ва Паса Мелла (Хост вилояти) аҳоли пунктлари бўлган.
Зарбалар 16 март куни Покистоннинг Хайбер-Пахтунхва вилоятининг Мир Али шаҳридаги ҳарбий базага уюштирилган ҳужумда етти нафар покистонлик аскар ҳалок бўлганидан кейин берилган. Маълум қилинишича, ҳужум қилганлар “Теҳрик-э-Толибон Покистон” гуруҳи аъзоларидир. Гуруҳ Покистон шимоли-ғарбидаги, Хайбер-Пахтунхва вилояти ва Афғонистон билан чегара ўртасида жойлашган Федерал бошқариладиган қабила ҳудудларида жойлашган. Покистон Президенти Осиф Али Зардорий ҳужум учун қасос олишга ваъда берди.
“Reuters” агентлиги Афғонистондаги ҳукмрон “Толибон” ҳаракати вакилларига таяниб, Покистон Афғонистон ҳудудига уюштирган иккита ҳаво ҳужуми оқибатида саккиз нафар аёл ва бола ҳалок бўлганини ёзди.
“Соат 3:00 атрофида Покистон самолётлари Покистон билан чегарага яқин Хост ва Пактика вилоятларида тинч аҳоли уйларини бомбардимон қилди”, деган “Толибон” матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид.
Афғонистондаги муваққат ҳукумат матбуот котиби зарбаларни "қатъий" қоралаб, буни мамлакат суверенитетини бузиш деб атади.
Айни пайтда Исломобод ва Қобул ўртасидаги муносабатлар Афғонистон ўз ҳудудида жойлашган Покистонда террорчилик ҳужумларини уюштиришга масъул бўлган “Теҳрик-э-Толибон Покистон” экстремистик гуруҳини қўллаб-қувватлашни тўхтатишдан бош тортгани сабабли деярли музлатиб қўйилган. Мазкур гуруҳ "Ал-Қоида" билан алоқадор ташкилот сифатида 2011 йилдан бери БМТ санкциялари остида. Мавжуд ҳисоб-китобларга кўра, “Теҳрик-э-Толибон Покистон”да 50 минггача жангари бор.
LiveБарчаси