Бухорода солиқ бошқармаси юристи ЙПХ ходимларини жароҳатлади (видео)
3-саҳифа
−
02 Май 2023
11621Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилояти Олот туманида йўл-патруль хизмати ходимлари ҳамда фуқаро ўртасида жанжал юз бергани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси маълумот берди.
Жорий йилнинг 22 апрель куни фуқаро Н.Ў. вилоят ИИБнинг марказлашган тизимига мурожаат қилиб, Ички ишлар ходимлари билан ўрталарида келишмовчилик юзага келганини билдирган.
Мазкур хабар Олот тумани ИИБда тегишли тартибда рўйхатга олиниб, масъул соҳавий хизматлар ходимлари томонидан ўрганилган.
Аниқланишича, 22 апрель куни соат 16:00 ларда ЙПХ инспекторлари катта сержант Ж.С. ҳамда сафдор К.Б.лар ўзларининг хизмат ҳудудида назорат олиб бораётганда, Nexia машинасини бошқариб келаётган фуқаро Ф.Ж. кўчани кесиб ўтувчи йўлни ажратиб турувчи бетон тўсиқ (бардюр)қа бориб урилган. Юқорида қайд этилган ЙПХ ходимлари бетон тўсиққа шикаст етказилгани ҳолатига гувоҳ бўлишган ва ушбу ҳолатни расмийлаштириш мақсадида ҳодиса жойига зудлик билан етиб келишган.
Шу вақтда ушбу ҳолатга умуман алоқаси ва дахлдорлиги бўлмаган 1993 йилда туғилган Давлат Солиқ бошқармаси Қоракўл тумани бўлими маъмурий амалиёт юристи Н.Ў. ҳодиса жойига келган. Мазкур шахс ҳолатни расмийлаштираётган ИИБ ходимларининг хизмат фаолиятига ҳеч бир сабабсиз фаол қаршилик кўрсатиб, ходимларни турли ножўя сўзлар билан ҳақорат қилиб, турли даражадаги тан жароҳатларини етказган.
Мазкур ҳодиса оқибатида катта сержант С.Ж.нинг “ўнг қўл 4-5 бармоқларида ҳамда ўнг қўл тирсак соҳасида шилинма”, сафдор Б.К.нинг эса “бўйин соҳасида шилинма” каби соғлиқнинг бузилишига сабабчи бўлмаган енгил шикаст тоифасига кирувчи тан жароҳатлари етказилгани аниқланган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Олот тумани прокуратураси томонидан Жиноят Кодексининг 219-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, айбланувчи Н.Ў.га нисбатан "уй қамоғи" эҳтиёт чораси қўлланилган ҳолда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Тергов якуни бўйича айбланувчининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади”, дейилади хабарда.