Пиёдани уриб юборишига сал қолган Tesla ҳайдовчисига чора кўрилди

3-саҳифа

image

Тошкентдаги Паркент бозори рўпарасида жойлашган чорраҳадан ўта юқори тезликда ҳаракатланиб, пиёдани уриб юборишига сал қолган Tesla ҳайдовчиси аниқланди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар берди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода ҳайдовчининг чорраҳадан юқори тезликда ўтиб, пиёдани уриб юборишига сал қолгани акс этган. Ўтказилган суриштирувлар давомида ҳайдовчининг шахси аниқланиб, унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-3моддаси (Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини ошириб юбориши) асосида маъмурий баённома расмийлаштирилган. Шунингдек, автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилган.

Тўпланган ҳужжатлар Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида кўриб чиқилган. Суд қарори билан ҳайдовчи транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари, яъни 10 миллион 300 минг сўм миқдорида жаримага тортилган.

Шунингдек, жазо муддати тугагач, ҳайдовчилик гувоҳномасини қайта олиш учун у автомактабда назарий ва амалий машғулотларни тўлиқ ўташи ҳамда назарий имтиҳонда 50 та саволдан камида 46 тасига тўғри жавоб бериши талаб этилади.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ушбу ҳайдовчининг қоидабузарликлари оқибатида жабрланган фуқаролар бўлса, яқинидаги ички ишлар органига ёки 102 қисқа рақамига мурожаат қилишни сўраган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда Tracker 6 ёшли болани босиб кетиши оқибатида бола воқеа жойида вафот этган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг