Пиллакорлар даромад ва ижтимоий солиқлардан озод қилинди
Жамият
−
10 Май
3740Пилланинг харид нархи пастлиги учун пиллакорларда манфаатдорлик паст. Бу ҳақда бугун, 10 май куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида чарм ва ипак саноатида мавжуд имкониятларни ишга солиш, жойларда Сайхунобод тажрибаси асосида аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилишида сўз очилди.
Билдирилишича, пиллакорларда манфаатдорлик пастлиги сабабли ипакчиликни ривожлантириш бўйича имзоланган Президент фармони билан пилла харид нархи 25 фоизга оширилган. Пиллакорлар даромад ва ижтимоий солиқлардан озод қилинган, тутзорлар учун ер солиғининг 10 фоизи тўланади.
Мутасаддилар ва ҳокимларга янги тутзорлар ташкил қилса бўладиган 105 минг гектар ер ажратиш топширилди. Бу ерлар лотларга бўлиниб, аукционда берилади, аукциондаги ернинг бошланғич нархи 10 фоиз этиб белгиланади.
Шунингдек, йиғилишда ипак олишнинг муқобил усулларини йўлга қўйиш кераклиги кўрсатиб ўтилди. Масалан, Хитойда канакунжут қуртини парваришлаб, ипак олиш кенг йўлга қўйилган. Бу янги йўналишни Ўзбекистон иқлим шароитидан келиб чиқиб татбиқ қилиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигига канакунжут ўсимлиги ва қурти уруғларини олиб келиб, Ипакчилик институтида синов ишларини бошлаш топширилди. Умуман, ҳокимлар ва соҳа мутасаддиларига пилла мавсумини сифатли ташкил этиб, ҳосил йўқотишсиз йиғиб олинишини таъминлаш бўйича қатор топшириқлар берилди.
Соҳага ипак қуртини парваришлаш, касалликдан сақлаш агротехникаси ва инновациялари кириб келмагани ҳисобига уруғдан пилла олишда йўқотишлар сақланиб қолаётгани таъкидланди. Шунингдек, дунёда ипак маҳсулоти импортининг 45 фоизи тўғри келаётган Европа бозорига чиқиш муҳимлиги қайд этилди. Таъкидланишича, экспортда ипакдан тайёр маҳсулот улушини, жумладан, пиллани чуқур қайта ишлаб, тайёр ипак маҳсулотлари, мато ва уй текстили ишлаб чиқарадиган қувватларни кўпайтириш зарур.
Қайд этилишича, пиллачилик учун озуқа базаси бўлган тутзорларда янги навли ҳосилдор тут экишни кенгайтириш муҳим. Билдирилишича, мамлакатдаги 1 миллион гектарга яқин пахта майдонига бир-икки қатордан тут экилса, 50-60 минг тонна озуқа захирасини шакллантириш мумкин.
LiveБарчаси