Пезешкиён Москвага борди (видео)
Олам
−
17 Январь
5000Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён расмий ташриф билан Россияга борди. Бу ҳақда Эрон Президенти матбуот хизмати хабар берди.
Уни Москвадаги Внуково халқаро аэропортида Россия Энергетика вазири Сергей Цивилев, Ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Руденко ва давлат протоколи бўлими бошлиғи Игорь Богдашев ҳамда бошқа давлат амалдорлари кутиб олган.
Ташриф давомида Путин ва Пезешкиён 2001 йилда Москвада имзоланган Россия ва Эрон ўртасидаги муносабатлар асослари ва ҳамкорлик тамойиллари ҳақидаги амалдаги ҳужжат ўрнини босувчи ҳар томонлама стратегик шериклик тўғрисидаги битимни имзолаши кутилмоқда.
Россия етакчисининг матбуот хизмати аниқлик киритишича, учрашувда сиёсатчилар Эрон ядро дастури ва Кавказортидаги вазиятни муҳокама қилиши мумкин. Бундан ташқари, улар Яқин Шарқдаги, жумладан Фаластин-Исроил можароси ва Суриядаги вазиятга эътибор қаратади.
Эслатиб ўтамиз, 15 январь куни Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён давлат ташрифи билан Тожикистонга келганди. Душанбе халқаро аэропортида уни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг шахсан ўзи кутиб олди ва юксак ҳурмат белгиси сифатида олий мартабали меҳмонни мамлакатга илк ташрифи билан самимий қутлади. Шундан сўнг, Пезешкиён Душанбедаги Исмоил Сомоний ҳайкалини зиёрат қилди.Ташриф давомида унга Абу Али ибн Сино номидаги Тожикистон давлат тиббиёт университетининг фахрий профессори унвони берилди.