Петербург иқтисодий форумнинг илк кунида дронлар ҳужумига учради (фото)

Олам

image

Бугун, 3 июнь куни эрталаб Украина дронлари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри Кронштадт, шунингдек, Киров ва Красносельск туманларидаги инфратузилма объектларига ҳужум қилди. Оқибатда бир неча киши жароҳатланди, объектларнинг бир қисми шикастланди. Бу ҳақда шаҳар губернатори Александр Беглов маълум қилди.

“Astra” Telegram-каналининг маълумотларига кўра, ҳужум оқибатида Россиянинг Болтиқбўйи минтақасидаги суюқ юкларни қайта юклаш бўйича энг йирик терминалларидан бири – Петербург нефть терминалида ёнғин чиққан. У йилига 12,5 миллион тонна маҳсулот ўтказиш қувватига эга бўлиб, ўз ичига нефть маҳсулотларини сақлаш учун мўлжалланган 21 та резервуарни олади. Ушбу корхона Россия хавфсизлигини таъминлашда стратегик аҳамиятга эга.

3 июнга ўтар кечаси Ленинград вилоятида ҳаво хавфи эълон қилинган. Вилоят губернатори Александр Дрозденко 59 та дрон уриб туширилганини маълум қилган. Лужский туманида дрон парчалари 4 та хусусий уйга шикаст етказган, жабрланганлар йўқ.

“Пулково” аэропортида самолётларни қабул қилиш ва жўнатишга чекловлар жорий этилган, “Росавиация” шунингдек, Ленинград вилоятининг бир қатор туманлари ҳаво ҳудудини чеклаб қўйган. Петербург аҳолиси эрталабдан бери мобил интернет ва алоқада узилишларни қайд этмоқда. “Downdetector” маълумотларига кўра, фойдаланувчилар сайтлар очилмаётгани ва мессенжерлар ишламаётгани ҳақида хабар берган.

Ушбу ҳужум шаҳарда 3–6 июнь кунлари бўлиб ўтадиган Петербург халқаро иқтисодий форумининг биринчи кунида юз берди. Россия Президенти Владимир Путин форумда 5 июнь куни нутқ сўзлашни режалаштирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан жорий йилнинг 4-5 июнь кунлари амалий ташриф билан Санкт-Петербург шаҳрида бўлиши ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Санкт-Петербург иқтисодий форум дрон ҳужум

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг