Песков ДХР ва ЛХР ҳудуди бўйича саволга аниқ жавоб беролмади

Олам

image

Расмий Москва Украина шарқида россияпараст сепаратистлар томонидан ташкил этилган Донецк ва Луганск халқ республикаларини улар ўзларини эълон қилган чегаралар доирасида тан олади. Бу ҳақда Россия Федерацияси Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларнинг саволларига жавоб бериш давомида маълум қилди.

Дастлаб журналистлар Песковдан Россия ДХР ва ЛХРни қайси чегаралар бўйича тан олганини сўраганда, Кремль вакили аниқ жавоб беролмаган. Бир мазмундаги савол 8 марта такрорлангач, Путиннинг матбуот котиби шундай жавоб билан қутулди:

“Улар ўзларини мустақил деб эълон қилган чегаралар ичида”.

Кремль вакили қайси вақтда мустақил деб эълон қилинган ДХР ва ЛХР чегараларини назарда тутилгани ҳақидаги саволга жавобан: “Бу икки республика қачон эълон қилинган бўлса. Шунда”, деган мужмал жавобни берган.

Қайд этилишича, Песков ушбу мавзу бўйича бошқа тафсилотларга тўхталиб ўтмаган, қўшимча қиладиган нарсаси йўқлигини айтган. 

Унинг сўзларига кўра, Ғарбнинг ДХР ва ЛХРнинг тан олинишига муносабатини башорат қилиш ҳамда эътиборсиз қолдириш мумкин. 

Айтиш жоизки, ўз-ўзини мустақил деб эълон қилган Донецк халқ республикаси Украинанинг Донецк вилоятининг жануби-шарқий қисмида, Луганск халқ республикаси эса Луганск вилоятининг жанубий қисмида ташкил топган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Кейинроқ Путин Ташқи ишлар вазирлигига ДХР ва ЛХР билан дипломатик алоқалар ўрнатиш, Мудофаа вазирлигига эса ўз ҳудудларида тинчлик сақланишини таъминлаш бўйича топшириқ берди. Президент фармонларидан бирининг матнида таъкидланишича, ҳарбий идорага дўстлик,  ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги шартнома тузилгунга қадар "Россия Федерацияси Қуролли Кучлари томонидан Донецк Халқ Республикаси ҳудудида тинчликпарварлик функцияларини амалга ошириш” топширилган.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ Президенти Жо Байден айрим шахсларнинг мулкини блоклаш ва айрим операцияларни тақиқловчи фармон қабул қилди. Ҳужжат ДХР ва ЛХРга сармоя киритишни, шунингдек, ушбу минтақалардан ҳар қандай товарлар, хизматлар ёки технологияларни Қўшма Штатларга импорт қилишни тақиқлайди.

Бундан ташқари, ушбу фармон ўзини мустақил деб эълон қилган республикаларда ҳаракат қилишга қарор қилган ҳар қандай шахсга нисбатан жазо чораларини қўллаш имконини беради.

Қўшма Штатларда жойлашган ёки кейинчалик АҚШга кирадиган, ДХР ва ЛХР билан боғлиқ шахсларга тегишли бўлган барча мулк ва мулкдаги улушлар блокланади.

АҚШ бугун, 22 февраль куни Донецк ва Луганск халқ республикаларини тан олгани учун Россияга нисбатан чеклов чораларини жорий қилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

108

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг