Песков асир тушган америкаликлар ўлдирилиши мумкинлигини айтди
Олам
−
21 Июнь 2022
12366Украинадаги жанговар ҳаракатлар вақтида асирга олинган АҚШ фуқаролари ўлимга ҳукм қилиниши мумкин. Бу ҳақда Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков MSNBC телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.
“Мен ҳеч нарсага кафолат беролмайман. Бу терговга боғлиқ”, дейди Песков.
Унинг тушунтиришича, бу америкаликларнинг Украина армиясига алоқаси йўқ, шунинг учун улар Женева конвенциялари қоидаларига бўйсунмайди.
“Суд бўлади, суд қарори ҳам бўлади”, дейди Россия Федерацияси Президентининг матбуот котиби.
Песков MSNBC телеканалига берган интервьюсида Украина ҳудудидаги ноқонуний операцияларда иштирок этган америкаликларни “омад аскарлари” деб атаган.
“Улар ҳарбийларимизни ўққа тутишда қатнашган, ҳаётларини хавф остига қўйган ва содир этган жиноятлари учун жавобгарликка тортилиши керак”, дейди Россия Федерацияси Президенти матбуот котиби.
Ўтган ҳафта АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс Украинада Россия томонидан асирга олинган икки Америка фуқароси ҳақидаги хабарлар юзасидан Қўшма Штатлар Украина томони ва Халқаро Қизил Хоч қўмитаси вакиллари билан алоқада эканини айтганди. Кейин Прайс АҚШ бу вазиятни Россия билан ҳали муҳокама қилмаганини таъкидлаган.
Қайд этиш керакки, Россияда ўлим жазоси тақиқланган. Бироқ тан олинмаган Донецк халқ республикасининг суди орқали асирларни ўлимга ҳукм қилиш ҳолати кузатилди. Шу йўл билан икки британиялик ва марокашлик ўлимга ҳукм қилинди.