Пентагон ҳусийларнинг 230 та нишонига зарба берганини эълон қилди

Олам

image

Қўшма Штатлар Ямандаги ҳусийларнинг 230 та нишонига зарба берди. Бу ҳақда кеча, 27 февраль куни Мудофаа вазирининг Яқин Шарқ масалалари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Даниэль Шапиро маълум қилди.

У Сенатнинг Ташқи алоқалар қўмитасидаги тингловда АҚШ кучлари ҳусийларнинг юзлаб қуролларини йўқ қилганини таъкидлади. Бироқ, Шапиронинг сўзларига кўра, ҳаракат ўзининг қолган арсеналидан фойдаланиб, “қарама-қаршиликка дош беришга аҳд қилган” кўринади.

Сенатнинг Ташқи алоқалар қўмитаси раиси Бен Кардин  ва Сенатнинг Яқин Шарқ бўйича қуйи қўмитаси раиси Крис Мёрфи ҳам тингловда АҚШ Конгресси ижро ҳокимиятига ҳусийларнинг позицияларига зарба беришга рухсат бериши кераклигини таъкидлади. 

Шунингдек, АҚШ Марказий қўмондонлиги ҳусийларнинг бешта дронини уриб туширганини маълум қилди. 

“27 февралда бешта ҳусий учувчисиз учиш аппарати Қизил денгиз узра уриб туширилди”, дейилади қўмондонликнинг Х’даги саҳифасида.

Билдирилишича, АҚШ кучлари учувчисиз самолётлар Қизил денгиздаги кемалар учун "тезкор таҳдид" эканлигини аниқлаган.

Қайд этиш жоизки, Ғазо секторидаги можаро авж олгандан сўнг, ҳусийлар Фаластин анклавида уруш тўхтамагунча, Исроил ҳудудига ҳужумлар уюштириши ва унга алоқадор кемаларнинг Қизил денгиз ва Боб ал-Мандеб бўғози сувлари орқали ўтишига рухсат бермаслиги ҳақида огоҳлантирган. Ўтган йилнинг ноябрь ойи ўрталаридан бери ҳусийлар Қизил денгиз ва Адан кўрфазида ўнлаб тинч аҳоли кемаларига ҳужум қилган.

Ҳусийларнинг ҳаракатларига жавобан Америка расмийлари халқаро коалиция тузиб, Қизил денгизда навигация эркинлигини таъминлаш ва кемаларни ҳимоя қилиш мақсадида "Prosperity Guardian" операциясини бошлади. 12 январь куни Британия ва АҚШ кучлари самолётлар, кемалар ва сувости кемалари ёрдамида Яманнинг бир қанча шаҳарларида ҳусийлар нишонларига биринчи зарбалар берди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Яман ҳусийлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made