Пенсия жамғармаси раҳбарияти мурожаат билан чиқди
Жамият
−
15 Декабрь 2023
41675Пенсия жамғармаси раҳбарияти ўз ходимларига коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни содир этганлар жавобгарликка тортилишини эслатиб, алоҳида мурожаат билан чиқди. Унда айтилишича, товламачилик ва порахўрлик жамғарма фаолиятида ҳали ҳам учрамоқда.
“Бугунги кунда лоқайдлик, бефарқлик, иккиюзламачилик, товламачилик, фирибгарлик, уруғ-аймоқчилик, таниш-билишчилик, порахўрлик каби иллатлар Пенсия жамғармаси тизимида ҳам ҳали-ҳамон учраётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Соҳада коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик тўғрисида Пенсия жамғармаси ижро этувчи аппарати томонидан мунтазам равишда профилактик суҳбатлар ва тушунтириш ишлари олиб борилмоқда”, дейилади мурожаатда.
Шунингдек, Пенсия жамғармаси раҳбарияти коррупция хавфини баҳолаш, ходимларни коррупцияга қарши курашишга ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш тизими жорий этилганини ҳам таъкидлаган.
“Коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни содир этган ходимлар ўзининг мавқейи ва эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва Пенсия жамғармасининг ички идоравий ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади. Жамғарманинг ҳар бир ходими коррупциявий ҳаракат содир этилганига доир ишончли ва асосли маълумотлар мавжуд бўлганда Пенсия жамғармаси раҳбариятига, ҳудудий бошқарма ёки туман (шаҳар) бўлими раҳбарига ҳеч қандай тўсиқсиз мурожаат қилиши шарт”, деб огоҳлантирган жамғарма.
Бундан ташқари, номзодларни ишга қабул қилишда уларнинг шахсий ва касбий сифатлари, очиқлик, адолат ва холислик принциплари асосида танлов бўйича саралаш коррупцияга қарши курашишнинг асосий мезонларидан саналиши билдирилган.
"Жамғармага жисмоний ва юридик шахслар томонидан йўлланган коррупцион ҳолатларга оид мурожаатлар тўлиқ, холис ва ўз вақтида кўриб чиқилиши таъминланади", дейилган мурожаат якунида.
LiveБарчаси