Пенсия ва нафақа: уларнинг фарқини биласизми?
Бу қизиқ
−
09 Март 2020
42447Жуда кўпчилик пенсия ва нафақа тушунчалари бир маъноли деб ҳисоблайди яъни пенсия нафақа сўзининг русчаси деб хато ўйлашади (аслида, нафақа рус тилига “пособие” деб таржима қилинади). Оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда ҳам фойдаланувчилар пенсионер ва нафақахўр тушунчаларини синоним сифатида ноўрин ишлатишади.
Хўш, бу икки тушунчанинг фарқи нимада?
Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунига кўра, етарлича иш стажига эга бўлган фуқаролар ва уларнинг оилалари пенсия олиш ҳуқуқига эга. Ушбу Қонун билан давлат пенсияларининг қуйидаги турлари белгиланади:
1. ёшга доир пенсия.
2. ногиронлик пенсияси.
3. боқувчисини йўқотганлик пенсияси.
Ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига:
• эркаклар — 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда;
• аёллар — 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда эга бўладилар.
Ногиронлик пенсиялари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс деб топилган иснонларга тайинланади. Меҳнатда майибланганда ёки касб касаллигига учраганда бериладиган ногиронлик пенсиялари иш стажидан қатъи назар, тайинланади.
Вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзолари боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига эга бўлади. Пенсия ёшига етиб, зарурий иш стажига эга бўлмаган тақдирда, лекин камида 7 йиллик иш стажи мавжуд бўлса, бор стажига мутаносиб равишда тўлиқсиз миқдорда ёшга доир пенсия тайинланади.
Иш стажига эга бўлмаган фуқаролар ва уларнинг оилалари ушбу Қонунга биноан давлат пенсиялари олиш ҳуқуқига эга эмаслар. Уларнинг ижтимоий таъминоти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 апрелдаги 107-сон қарори билан тасдиқланган “Пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган қарияларга ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги низом билан тартибга солинади.
Мазкур Низом бўйича нафақаларнинг ҳудди пенсия каби 3 тури бор:
1. ёшга доир нафақа.
2. ногиронлик нафақаси (болаликдан ногиронлиги бўлган шахслардан ташқари).
3. боқувчисини йўқотганлик нафақаси тайинланади.
Ёшга доир нафақа эркакларга — 65 ёшга етганларида; аёлларга — 60 ёшга етганларида; болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналарга — 55 ёшга етганларида тайинланади.
Ҳақ тўланадиган иш бажараётган ёки бошқа даромад манбаига эга бўлган (алиментлар ёки стипендиялар олиш бундан мустасно) шахсларга ёшга доир нафақа тайинланмайди. Иш стажига эга бўлмаган шахсга (болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналардан ташқари) ёшга доир нафақа меҳнатга лаёқатли вояга етган фарзандлари, қариндошлари ёки Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига мувофиқ уларни таъминлашга мажбур бўлган бошқа шахслар бўлмаган тақдирда тайинланади.
Ногиронлик нафақаси ногиронлик содир бўлган ҳолларда, ёшидан қатъи назар, иш стажига эга бўлмаган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга тайинланади ва тўланади. Ишлаётган ёки ҳаёт кечиришнинг бошқа манбаларига (алиментлар ёки стипендиялар олиш бундан мустасно) эга бўлган I ва II гуруҳ нногиронлиги бўлган шахсларга нафақа тайинланмайди.
“Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни бўйича давлат пенсияси олиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахснинг қарамоғида бўлган оиланинг меҳнатга лаёқатли бўлмаган аъзолари боқувчисини йўқотганлик нафақаси олиш ҳуқуқига эгадирлар.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 44-сон қарори фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартибини белгилайди. Шунингдек, ишсизлик нафақаси, ишдан бўшатиш нафақаси каби нафақа турлари ҳам мавжуд.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, маълум иш стажига эга бўлган фуқароларга пенсия тайинланади ҳамда етарлича иш стажига эга бўлмаган қариялар, ногиронлиги бўлган шахсларга, шунингдек, кам таъминланган оилаларга, ишсизсизларга, шунингдек, меҳнат шартномаси бекор қилинган айрим ҳолатларда ва ходимнинг соғлиғига шикаст етказилганлиги ёки унинг вафоти муносабати билан нафақалар берилади.
Муҳаммадамин Каримжонов
Тошкент давлат юридик университети
Меҳнат ҳуқуқи кафедраси ўқитувчиси
LiveБарчаси