Пенсия тўловлари қаерларда банк карталари орқали тўланади?
Жамият
−
17 Апрель 2020
7633Май ойидан бошлаб Тошкент ва Нукус шаҳарлари, шунингдек вилоят марказларида пенсия тўловлари банк карталари орқали тўланади. Бу ҳақда Марказий банк ахборотида маълум қилинмоқда.
Маълумки, коронавирус пандемияси муносабати билан Ўзбекистонда эълон қилинган карантин шароитида инфекциянинг тарқалиб кетиш эҳтимолини камайтириш мақсадида Республика махсус комиссияси тавсияларига кўра:
• пенсия тўловларини, дастлабки босқичда, яъни жорий йилнинг май ойидан бошлаб, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида истиқомат қилувчи пенсионерларга банк карталари орқали тўлаш;
• кейинги ойлардан бошлаб, ушбу чора-тадбирлар босқичма-босқич қолган ҳудудларда давом эттириш борасида ишлар амалга оширилмоқда.
Сўнгги кунларда ушбу мавзуда фуқароларимиздан келаётган мурожаатлар сони кўпайиб, уларда асосан I ва II гуруҳ ногиронлари ҳамда ҳаракатланиш имконияти чекланган пенсионерлар томонидан:
• кўчага чиқолмасликлари сабабли, банк карталаридан фойдаланиш имкониятлари йўқлиги;
• пенсия маблағларини нақд пулда яшаш манзилларига етказиб беришлари юзасидан мурожаат қилинмоқда.
Шу муносабат билан, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ва ҳаракатланиш имконияти чекланган (ётоқдаги) пенсия олувчи фуқаролар ҳеч қандай хавотирга тушмасликларини сўраймиз.
Ҳар ойнинг бошида уларнинг банк карталарига келиб тушган пенсия маблағлари тасдиқланган графиклар асосида, яъни пенсия маблағларини доимий олиб келган саналаридан кечиктирмасдан Халқ банкининг маъсул ходимлари томонидан яшаш манзилларига бориб, нақдлаштириб берилади”, дейилади ташкилот ахборотида.
Маълум қилинишича, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ва ҳаракатланиш имконияти чекланган (ётоқдаги) пенсионерлар сони ўзгариб туришини инобатга олган ҳолда, ушбу тоифага кирувчи фуқароларнинг рўйхати Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлимлари томонидан ҳар ойда қайта кўриб чиқилади. Янгиланган рўйхат асосида уларнинг банк карталаридаги маблағлари уйларига бориб нақдлаштириб берилиши учун Халқ банкига бериб борилади.
Шунингдек, Марказий банк мазкур масала доимий назоратида эканлигини маълум қилмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь