Пенсильваниядаги сайловчилар муаммоларга дуч келмоқда – CNN
Олам
−
05 Ноябрь
2576Бугун, 5 ноябрь куни АҚШда навбатдаги сайловлар бўлиб ўтмоқда ва ушбу жараёнда Пенсильвания штатининг баъзи сайлов участкаларида муаммолар юзага келган. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу штатнинг Камбрия округида дастурий таъминотдаги носозлик туфайли бюллетенларни сканерлаш қийинлашган ва шундан сўнг овоз бериш вақти узайтирилган.
“Бизда бундай носозликлар юзага келганда амал қиладиган режамиз бор ва улар фуқароларнинг овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланишига тўсқинлик қилмаслиги керак”, дейилади округ сайлов комиссияси баёнотида.
Билдирилишича, қабул қилинган бюллетенлар хавфсиз сақланади ва IT-мутахассислар томонидан текширилгандан сўнг ҳисобланади.
Шунингдек, мазкур штатнинг Аллегейни округидаги икки сайлов участкаси кеч очилган. Бунга айрим кузатувчиларнинг кечикиб келгани ёки умуман келмагани сабаб бўлган.
Маълумот учун, бугун, 5 ноябрь куни АҚШда навбатдаги сайловлар бўлиб ўтмоқда. Сайлов доирасида президент, Сенатнинг учдан бир қисми ва АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг барча аъзолари, шунингдек, 11 та штат ва 2 та ҳудуднинг губернаторлари сайланади. Президентликка республикачилар партиясидан Дональд Трамп ва ҳозирда ҳукмрон Демократик партиядан Камола Ҳаррис ўз номзодини қўйган. Трамп АҚШнинг 45-президенти ҳисобланади ва у 2017-2021 йилларда ҳокимият тепасида бўлган. У 2020 йилги президентлик сайловларида демократлар партиясидан Жо Байденга мағлуб бўлган ва ҳозирда Оқ уйга қайтишга уринмоқда. Ҳаррис эса 2021 йил январидан бери АҚШ вице-президенти лавозимида фаолият юритади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ сайловларда биринчи бўлиб АҚШнинг Нью-Гэмпшир штати Диксвилл-Нотч қишлоғи аҳолиси овоз бергани хабар қилинган эди. Маълум бўлишича, қишлоқнинг олти аҳолиси биринчилардан бўлиб овоз берган. Унга кўра, президентликка ҳар икки номзод – республикачилардан Дональд Трамп ва демократлардан Камола Ҳаррис ҳам 3 тадан овоз олган.