Пенсильвания суди Трамп штабининг сайлов бўйича даъвосини қаноатлантирди

Олам 9727
image

Пенсильвания штатининг апелляция суди АҚШнинг амалдаги Президенти Дональд Трампнинг штаб-квартирасининг якуний сайлов натижаларига почта орқали олинган бюллетенларнинг бир қисмини киритмаслик тўғрисидаги даъвосини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда “Philadelphia Inquirer” хабар берган.

Қайд этилишича, 9 ноябргача шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этмаган сайловчилардан почта орқали олинган бюллетенлар рад этилган.

Пенсильвания қонунчилиги почта орқали овоз берган сайловчиларнинг овозларини олти кун ичида, яъни 9 ноябргача тасдиқлаши керак бўлган. 

Штатнинг давлат котиби Кэти Буквар эса ушбу муддатни 12 ноябрга қадар узайтирган.

Суд қарорига кўра, Букварнинг бундай қарорни қабул қилиш учун ваколати бўлмаган.

Маълумотларга кўра, Пенсильвания штатида президентликка Демократик партиядан номзод Жо Байден етакчилик қилмоқда.

Маълумот учун, АҚШда 3 ноябрь куни президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Давлат раҳбари лавозимига демократ Жо Байден ва амалдаги Президент, республикачи Дональд Трамп даъвогарлик қилди.

7 ноябрь куни Американинг етакчи оммавий ахборот воситалари ABC News, CNN, AP ва NBC сайловларда демократ Жо Байден ғалаба қозонганини эълон қилди. Натижалар ҳали расман эълон қилинмаган.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 430
Рейтинг: 3
Теглар
t
×