Пелоси тирик қайтганидан “илҳомланган” АҚШ Конгресси делегацияси Тайванга боряпти – ОАВ

Олам 8772
image

Америка Қўшма Штатлари Конгресси делегацияси Тайваннинг юқори мартабали раҳбарлари билан учрашиш учун жорий йилнинг 14-15 август кунлари Тайванга ташриф буюради. Бу ҳақда “Reuters” маълум қилди.

Қайд этилишича, учрашув Ҳинд-Тинч океани минтақасига кенгроқ ташриф доирасида бўлиб ўтади. Расмийлар АҚШ-Тайвань муносабатлари ва глобал таъминот занжирлари каби масалаларни муҳокама қилади.

Парвозларни кузатиш бўйича “Flightradar” портали маълумотларига кўра, уларнинг самолёти аллақачон оролга етган.

Маълумот учун, АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси 2 август куни кечқурун Тайбейнинг Соншан аэропортига етиб келди ва оролда бир кун ҳам бўлмай, 3 август куни қайтиб кетди. Бу АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикерининг 1997 йилдан бери оролга қилган илк сафари бўлди. Пелоси Тайванда орол маъмурияти раҳбари Цай Ингвен билан учрашди.

Бу воқеа АҚШ ва Хитой муносабатларини таранглаштирди. Расмий Пекин Пелоси келишидан олдин Тайвань яқинида ҳарбий машғулотлар бошлаганди. Ташрифдан кейин эса орол атрофида бир қанча ҳудудларда машғулотларга старт берилди.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги сиёсатчининг ташрифига кескин норозилик билдирди ва уни қоралади. Унинг сафари “Ягона Хитой” тамойили ва учта Хитой-АҚШ коммуникелари қоидаларини жиддий равишда бузиши урғуланди. Пекин, шунингдек, Вашингтонни Хитойни назорат қилиш учун Тайвандан фойдаланишни тўхтатишга чақирди. Бундан ташқари, дипломатик департамент мамлакат суверенитетини ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўришига ишонтирди.

Оқ уйнинг фикрича, Пелосининг Тайванга ташрифи Хитой суверенитетини бузмаган, АҚШ маъмурияти эса “ўзини қўрқитишга йўл қўймаслигига” ишонтирган. Америка расмийлари минтақада кескинликнинг кучайишига ҳеч қандай сабаб йўқлигини таъкидламоқда.

Кремль Пелосининг сафарини минтақадаги кескинликни кучайтирувчи провокация деб атади. Президент матбуот котиби Дмитрий Песков дунёнинг барча давлатлари буни қайд этаётганига эътибор қаратди ва Россиянинг Хитой билан бирдамлигини қайд этди.

Хитой ҳарбийлари Пелоси ташрифидан кейин шай ҳолатга келтирилди. Армия Тайвань атрофидаги бир нечта нуқтада ҳарбий машғулотлар бошлади.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 179
Рейтинг: 3
t
×