Пелоси Нетаньяхуни истеъфога чиқишга чақирди
Олам
−
24 Апрель
7545АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг собиқ спикери, демократ Ненси Пелосининг айтишича, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху кўп йиллардан бери икки давлат ечимига тўсиқ бўлиб келган ва шунинг учун ҳам у истеъфога чиқиши керак. Бу ҳақда у Ирландия телеканалларидан бирига берган интервьюсида сўз очди.
Пелосининг айтишича, Қўшма Штатлар Исроил хавфсизлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш тарафдори, бироқ Нетаньяхунинг 2023 йил 7 октябрдан кейинги усулларига рози эмас.
“Биз Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини тан олишимиз керак. Бироқ биз Нетаньяху сиёсати ва усулларини рад этамиз. Содир бўлган иш даҳшатли эди, лекин унинг (Нетаньяхунинг) жавобидан ҳам ёмонроқ нима қилиш мумкин?” дейди у.
Пелоси Ғазодаги вайронагарчилик жуда катта эканини таъкидлади.
"Нетаньяху истеъфога чиқиши керак, ахир у бунинг учун жавобгардир. У тинчликдан қўрқадими ёки шунчаки тинчликни хоҳламайдими, билмайман, лекин у кўп йиллар давомида икки давлат ечимига тўсқинлик қилмоқда", дейди у.
Яқинда АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси Исроилга 26 миллиард долларлик янги ёрдам пакетини маъқуллади ва Пелоси пакетни ёқлаб овоз берган қонунчилар орасида эди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ пакет Сенат томонидан ҳам маъқулланганди. АҚШ Президенти Жо Байден 95 миллиард долларлик ёрдам пакети, жумладан, Украина ва Тайванга ёрдам пакети иш столига етган заҳоти имзо чекишини айтган.