Пашинян шартномани имзоласа тинчлик бўлади, йўқса... Алиев Грузиядан Ереванга огоҳлантириш берди
Олам
−
24 Октябрь 2022
8861Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Арманистон тинчлик шартномасини имзолашига, ундан кейин минтақада тинчлик ҳукм суришига умид билдирди. Бу ҳақда у бугун, 24 октябрь куни Грузияга амалга оширган ташрифида мамлакат Бош вазири Ираклий Гарибашвили билан музокаралар якунлари бўйича баёнотда сўз очди.
Қайд этиш ўринлики, Озарбайжон Президенти ўтган 7 йилда биринчи марта Грузияга ташрифни амалга оширмоқда.
“Биз Арманистонга бешта асосий тамойилни етказдик ва умид қиламизки, Арманистон сиёсий ирода кўрсатади, тинчлик музокараларини бошлайди ва Озарбайжон билан тинчлик шартномасини имзолайди. Агар шундай бўлса, Жанубий Кавказда тинчлик ҳукм суради”, дейди у матбуот анжуманида.
Озарбайжон раҳбари, шунингдек, Прагада Европа сиёсий ҳамжамиятининг октябрь ойи бошида бўлиб ўтган саммити доирасида Жанубий Кавказда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун Грузия-Озарбайжон-Арманистон музокаралари платформаси форматини яратишни таклиф қилганини ҳам эслатди. Алиевнинг сўзларига кўра, агар Ереван бунга ўз тарафидан тайёрлигини билдирса, Баку бу ғояни амалга оширишга ҳозир.
Шунингдек, музокаралар бўйича баёнотда Грузия Бош вазири Ираклий Гарибашвили ҳам Жанубий Кавказда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш муҳимлигини урғулаб, бундан Грузия ҳам манфаатдор эканини айтган.
“Таъкидламоқчиманки, Грузия, мен ва ҳукуматимиз биргаликда бошлаган тинчлик сиёсатини давом эттиришга ва қўллаб-қувватлашга тўлиқ тайёр эканимизни эълон қиламиз. Яна шуни таъкидламоқчиманки, тилга олинган тинч қўшничилик ташаббуси ҳамкорликнинг бошқа форматига зид эмас ва ўрнини босмайди, аксинча, ёрдам беради ва биз биргаликда кўп муҳим ишларни амалга оширишимизга ишонаман”, дейди Гарибашвили.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 13 октябрь куни Озарбайжон Республикасии Президенти Илҳом Алиев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан учрашувда Озарбайжон Арманистон билан узоқ муддатли тинчликка эришмоқчилигини айтганди.
Жорий йилнинг март ойида Баку Ереванга икки давлат ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш бўйича бешта асосий тамойилни ўз ичига олган таклифларни тақдим этган эди. Жумладан, давлатларнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, бир-бирининг чегаралари дахлсизлиги ва сиёсий мустақиллигини ўзаро тан олиши, бир-бирига нисбатан ҳудудий даъволар йўқлигини тасдиқлаш ва келгусида бундай даъволарни қўймаслик мажбурияти, куч ишлатиш билан таҳдид қилишдан воз кечиш. Шунингдек, таклифлар чегараларни делимитация ва демаркация қилиш ҳамда дипломатик муносабатлар ўрнатиш, транспорт ва бошқа коммуникацияларни очиш ҳамда томонларни қизиқтирган бошқа соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйишни ҳам ўз ичига олади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь