Пашинян Арманистон мадҳиясини ўзгартиришга чақирди

Олам

image

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян мамлакат мадҳиясидаги мисралар тартибини Арманистон шон-шуҳратига оид сўзлар билан якунланиши учун ўзгартиришни таклиф қилди. Бу ҳақда у бугун, 31 январь куни Ереванда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

"Мадҳия матнида ҳеч нарса ўзгармайди, таклиф фақат охирги ва иккинчи мисраларни алмаштиришдан иборат. Шундай қилиб, мадҳиямиз қуйидаги сўзлар билан тугайди: "Арманистон ҳар доим шон-шуҳратли бўлсин". Ҳозир эса у ўлим саҳнасининг тавсифи билан тугайди ва биз уни ҳали ҳам олқишлаймиз", дейди Арманистон Бош вазири.

Пашинян мадҳия тугаганидан кейин олқишлар барча мамлакатларда, ҳатто давлат даражасида ҳам одатий ҳодисага айланганини қайд этди. Шунинг учун, Бош вазирнинг сўзларига кўра, одамлар Арманистоннинг шон-шуҳратига оид сўзлардан кейин қарсак чалиши керак, фожиали йўқотишлар саҳналаридан кейин эмас.

Кеча, 30 январь куни Арманистон парламенти спикери Ален Симонян ҳам республиканинг давлат герби ва мадҳиясини Арманистон давлати ва маданиятини “тўғридан тўғри акс эттирадиган” тарзда ўзгартиришни таклиф қилди.

Қайд этиш жоиз, бу мамлакат расмийлари Арманистон давлат мадҳияси ва гербини ўзгартириш масаласини биринчи марта муҳокама қилиши эмас. Пашинян, шунингдек, гербдаги Арарат тоғи Туркия ҳудудида жойлашгани учун “нотўғри кодларни ўз ичига олгани”га бир неча бор шама қилган.

Арман мухолифати эса мамлакат расмийлари Туркия ва Озарбайжон илтимосига кўра мадҳия ва гербни ўзгартиришни хоҳлаётганини, бироқ бунга журъат эта олмаётганини даъво қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Қирғизистон парламенти спикери Нурланбек Шакиев давлат мадҳияси матнини ўзгартириш зарурлигини билдирган эди. Унинг фикрича, мадҳия ҳамма учун қулай, ритмик бўлиши керак. Шунда барча фуқаролар ёшидан қатъи назар уни исталган вақтда ва вазиятда осон ижро эта олади. Президент Садир Жапаров ҳам давлат мадҳиясини ўзгартиришни қўллаб-қувватлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Никол Пашинян Арманистон мадҳия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг