Пашинян Алиевдан таклифига ижобий жавоб ололмади

Олам

image
Россия Баку ва Ереванни яраштириш учун ўз таклифларини тақдим этди north_east

Россия Баку ва Ереванни яраштириш учун ўз таклифларини тақдим этди

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Арманистон Бош вазири Никол Пашиняннинг барча минтақавий алоқаларни тиклаш таклифига ижобий жавоб бермади. Бу ҳақда Пашиняннинг ўзи бугун, 7 октябрь куни Twitter’да ёзган.

“Прагада мен барча минтақавий алоқаларни блокдан чиқариш ҳақидаги таклифимизни яна бир бор тасдиқладим. Озарбайжон яна ижобий жавоб бермади. Такрор айтаман, Арманистон суверенитетимиз ва қонунчилигимизни тўлиқ ҳурмат қилган ҳолда барча минтақавий коммуникацияларни блокдан чиқаришга тайёр”, дейди Пашинян.

Кеча, 6 октябрь куни Пашинян ва Алиев Прагада Франция президенти Эммануэль Макрон ва Европа кенгаши президенти Шарль Мишель иштирокида учрашди. Учрашувдан сўнг Арманистон Вазирлар Маҳкамаси Арманистон ва Озарбайжон БМТ Низоми ва 1991 йилдаги Олма-ота декларациясига содиқлигини яна бир бор тасдиқлади, бу орқали ҳар икки томон бир-бирининг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини тан олди.

Арманистон ҳам Озарбайжон билан чегарада Европа Иттифоқи фуқаролик миссиясини қўллаб-қувватлашга рози бўлди. Миссия ўз ишини октябрь ойида бошлайди ва максимал икки ой фаолият юритади. Миссиянинг мақсади ишончни мустаҳкамлаш ва чегара комиссияларига ҳисоботлар орқали ёрдам беришдан иборат бўлади.

Аввалроқ Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев йил охиригача Арманистон билан тинчлик шартномаси имзоланиши мумкинлигини айтганди. 

Баку ва Ереван ўртасидаги сўнгги йирик кескинлик жорий йилнинг 13 сентябрига ўтар кечаси содир бўлган эди. Арманистон Мудофаа вазирлиги Озарбайжон Қуролли кучлари мамлакатнинг аҳоли пунктларини ўққа тутганини маълум қилди. Бакунинг қайд этишича, бу Ереваннинг провокацияларига жавобдир. Кейинроқ Озарбайжон ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувларга эришгани ҳақида хабар берди.

Тўқнашувларда Озарбайжон томонидан 77 нафар, Арманистондан 105 нафар ҳарбий ҳалок бўлгани айтилди.

Қорабоғ уруши

1990-йиллар бошида минтақа қуролли можаро билан қамраб олинганди: Арманистон Озарбайжонга қарши агрессив ҳарбий ҳаракатларини бошлади, бу билан Озарбайжон ҳудудларини босиб олишга оид азалий режаларини амалга оширишга киришди.  Мазкур режанинг марказий қисми Қорабоғни Озарбайжондан бир томонлама ажратиб олиш ва уни Арманистон таркибига қўшиб олиш бўлган. Натижада Арманистон мазкур минтақани, жумладан, Хўжали ва Озарбайжоннинг бошқа еттита туманини ишғол этди. Ушбу агрессиянинг оқибати сифатида уруш 30 минг инсоннинг бошига етди. Бир миллионга яқин озарбайжонликлар қочоққа ва мажбурий кўчманчига айланди, минглаб одамлар дом-дараксиз йўқолди.

Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди. 

Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.

44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

26

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг