Парижда Россия элчихонаси яқинидаги кўчага Навальний номи берилади

Олам

image

Париж расмийлари россиялик мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навальний шарафига Франция пойтахти кўчаларидан бирининг номини расман тасдиқлади. Бу ҳақда шаҳар мериясига таяниб, “Новая газета” хабар берди.

“Навальний Париж расмийлари томонидан Владимир Путин диктатурасига қарши курашдаги роли учун мукофотланган”, дейилади шаҳар ҳокимияти хабарида.

“Новая газета”нинг ёзишича, Париж депутатлари 12 февраль куни шаҳар мэри Анн Ҳидалгонинг ташаббусини бир овоздан қўллаб-қувватлаган. Муниципал кенгашда 163 депутат бор.

Шундай қилиб, 16-округдаги Avenue de Pologne'нинг бир томонига Навальний номини беришга қарор қилинди. Кўча номи Avenue Alexeï Navalny бўлади. Бу кўча Россиянинг Париждаги элчихонаси биносидан 400 метр узоқликда жойлашган.

Ном қўйилишига бағишланган тантанали маросим санаси ҳозирча маълум қилинмаган. Нашрда айтилишича, бунга “бир неча ой бор”. 

Шу ҳафта, 16 февраль куни Россия расмийлари унинг Ямало-Ненец автоном округидаги “Қутб бўриси” колониясида вафот этгани ҳақида хабар берганига роппа-роса бир йил бўлади. Ўлим ҳақидаги гувоҳномада сиёсатчи табиий сабабларга кўра вафот этгани айтилади. Навальнийнинг тарафдорлари унинг ўлдирилганига ишонишади. Навальний қамоққа олинганда жами 300 кундан ортиқ жазо изоляторига жойлаштирилган.

Deutsche Welle” кеча, 13 февраль куни марҳум мухолифат етакчисининг автобиографик китоби Вестминстер китоб мукофотининг 2024 йилги совриндори бўлганини ёзди. У “Парламент аъзоси ёзмаган энг яхши сиёсий китоб” номинациясида ғолиб бўлди. Бу ҳақда 12 февраль куни Британия парламентида бўлиб ўтган маросимда маълум қилинди.

Вестминстер китоб мукофоти 2016 йилда Британия китоб сотувчилар уюшмаси ва нашриётчилар уюшмаси томонидан таъсис этилган. Бу Буюк Британиянинг ягона сиёсий ёзувчи мукофоти бўлиб, китоб сотувчилар томонидан тузилади ва парламент аъзолари томонидан овоз берилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Франция Париж Алексей Навальний

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг