Парижда пенсия ёшини оширилишига қарши намойишлар авж олди
Олам
−
08 Февраль 2023
3210Франциянинг Париж шаҳрида пенсия ёшини оширилишига қарши намойишлар тобора авжига чиқмоқда. Кеча, 7 февраль куни шаҳардаги Сени-Дени хиёбонида бир гуруҳ ёшлар дўкон ва қаҳвахона ойналарини синдириб ташлади, ахлат қутиларига ўт қўйди. Вазиятни бартараф этиш учун етиб келган полициячилар гуруҳига тартиббузарлар томонидан қаршиликлар ҳам кўрсатилган. Бу ҳақда ТACC воқеа жойида бўлган мухбирига таяниб хабар берди.
Бир гуруҳ ёшлар милиция ходимларига шиша, тош ва петардалар отишни бошлаган. Бунга жавобан ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари кўзни ёшлантирувчи газ пуркаган. Полиция радикал намойишчиларни майдондан қўшни кўчага итариб юбора бошлади. Сўнгги маълумотларга кўра, 17 киши ҳибсга олинган.
“Умумий меҳнат конфедерацияси” касаба уюшмаси маълумотларига кўра, Париждаги намойишда 400 мингдан ортиқ киши қатнашмоқда. Намойиш Гавр, Лион, Марсель, Тулуза ва Франциянинг бошқа йирик шаҳарларида бўлиб ўтиши режалаштирилган. Касаба уюшмаси учинчи миллий норозилик кунидаги намойишларда жами 2 миллионга яқин одам иштирок этганини айтиб ўтди.
Эслати ўтамиз, Францияда пенсия ёшини 62 ёшдан 64 ёшга ошириш тўғрисидаги қонун парламент муҳокамасига қўйилган. Шундан сўнг касаба уюшмалари иш ташлашнинг учинчи тўлқинини уюштиришни бошлаган. Темир йўл хизматлари бекор қилинган, мактаблар тўхтатилган ва касаба уюшмалари жамоатчиликни яна кўчага чиқишга чақирган.
Бунинг натижасида Францияда кўплаб махсус пенсия режимлари бекор қилиниши мумкин. Айни вақтда қонун лойиҳаси Франция Миллий ассамблеяси депутатлари томонидан кўриб чиқилмоқда.
LiveБарчаси