Францияни иш ташлашларнинг учинчи тўлқини қамраб олди
Олам
−
07 Февраль 2023
4852Бугун, 7 февраль куни Франция касаба уюшмалари пенсия ёшини узайтириш режасига қарши умуммиллий иш ташлашнинг учинчи тўлқинини бошлади. Бу ҳақда “France 24” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, пенсия ёшини 62 ёшдан 64 ёшга ошириш тўғрисидаги қонун парламент муҳокамасига қўйилган. Шундан сўнг касаба уюшмалари иш ташлашни учинчи тўлқинини уюштиришни бошлаган. Темир йўл хизматлари бекор қилинган, мактаблар тўхтатилган ва касаба уюшмалари жамоатчиликни яна кўчага чиқишга чақирган.
Ҳукумат эса одамлар саноат дунёсининг “энг сахий пенсия тизимлари”дан бирининг бюджетини ушлаб туриш учун икки йил кўпроқ (яъни 64 ёшгача) ишлашлари кераклигини айтган.
Шунингдек, ҳукумат намойишчиларга эътибор бермаётгани тўғрисидаги мухолифатнинг айбловларини Франция Меҳнат вазири Оливье Дюсопт инкор этган ва ўзгаришлар зарурлигини айтган.
“Пенсия тизими зарар кўрмоқда ва агар биз тизим ҳақида қайғурсак, уни тежашимиз керак”, деган вазир.
Ҳукуматнинг айтишича, пенсия ислоҳоти 2030 йилга бориб йилига 17 миллиард евродан (18 миллиард доллар) ортиқ маблағни тежаш имконини беради.
Бироқ касаба уюшмалари ва чап қанот мухолифати пулни бошқа жойлардан, хусусан, бойлардан олиш кераклигини айтган. Макронни қўллаб-қувватловчи консерваторлар эса ёш ишлай бошлаганлар учун имтиёзлар беришни таклиф қилган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ой охирида бутун Франция бўйлаб миллионлаб одамлар намойишларда қатнашган ва оқибатда кўплаб ишлаб чиқариш корхоналари, таълим муассасалари ва транспорт соҳаси тўхтаб қолган эди.
Алибек Бейжанов