Парижда коронавирус билан боғлиқ вазият туфайли чекловлар кучайтирилди
Олам
−
05 Октябрь 2020
3703Париж Ҳукумати коронавирус тарқалишига қарши курашиш мақсадида шаҳарда чекловларни кучайтиришга қарор қилди. Бу ҳақда бугун, 5 октябрь куни Франция пойтахтининг полиция префекти Дидье Лаллемен маълум қилди.
Унга кўра, 6 октябрдан пойтахтдаги барча барлар ёпилади. Ресторанлар эса янги санитария қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда фаолиятини давом эттиради. Спорт клублари ёпилади, сузиш ҳавзалари фақатгина мактаб ўқувчилари учун ишлайди.
Янгиликларга кўра, энди кўчада 10 дан ортиқ одамнинг йиғилишига йўл қўйилмайди. Супермаркетларда эса ҳар 4 кв.м майдонда битта мижоз бўлишига амал қилинади. Музейлар, кинотеатрлар ва театрлар белгиланган санитария меъёрларига қатъий риоя қилган ҳолда фаолиятини давом эттиради.
Маълумот учун, кеча 4 октябрь куни Францияда 12,5 мингдан ортиқ одам коронавирус инфекциясига чалинган.
Пандемия бошланганидан буён мамлакатда 600 мингдан ортиқ касаллик юқтириш ҳолати аниқланган.
Эслатиб ўтамиз, бир неча кун аввал Франция Соғлиқни сақлаш вазири Оливье Веран Париж қатъий карантин режимига ўтиши мумкинлигидан огоҳлантирганди.
Дунёда коронавирусга чалинганлар 35 миллиондан ошган.
LiveБарчаси