Париж прокуратураси Марин Ле Пенга 5 йил қамоқ жазосини талаб қилмоқда
Олам
−
14 Ноябрь
2490Париж прокуратураси Франциянинг ўта ўнгчи “Миллий бирлик” партиясининг парламентдаги фракцияси раҳбари Марин Ле Пенни Европарламент маблағларини нотўғри йўналтирганликда айблаб, беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилишни сўради. Бу ҳақда кеча, 13 ноябрь куни BFMTV хабар берди.
Агар суд айбловларга рози бўлса, 56 ёшли Ле Пен ҳам 2027 йилда бўлиб ўтадиган Франция президентлик сайловларида иштирок эта олмайди, чунки унга худди шу муддатга давлат лавозимларида ишлаш тақиқланади.
Прокурорлар партияни икки миллион евро жаримага тортишни ҳам истамоқда. Аввалроқ ўнг қанот сиёсатчи Европарламентга 330 минг евро тўлашга ҳукм қилинган эди. Прокуратура адвокатлар апелляция шикояти билан мурожаат қилган тақдирда ҳам, давлат лавозимида ишлашни тақиқлаш дарҳол кучга киришини талаб қилди.
Ле Пеннинг ўзи прокурорларни “французларни ўзлари хоҳлаган кишига овоз бериш имкониятидан маҳрум қилиш”да айблади.
“Мен энг кичик қоидабузарлик ёки энг кичик ноқонуний хатти-ҳаракатга йўл қўйганимни мутлақо ҳис қилмайман”, деди у.
30 сентябрь куни Париж жиноий судида Марин Ле Пен бошчилигидаги Франциянинг ўта ўнгчи “Миллий бирлик” раҳбариятига нисбатан суд жараёни бошланди. Ле Пен ва бошқа 20 дан ортиқ партия вакиллари Европа Иттифоқи маблағларини ўзлаштирганликда ва Европарламент депутатларининг ёрдамчиларини сохта ёллаш орқали партияни яширинча молиялаштирганликда айбланмоқда. Ушбу айблов учун энг кўп жазо ўн йилгача озодликдан маҳрум қилишдир. Умумий зарар деярли 7 миллион еврога баҳоланмоқда.
Айблов хулосасига кўра, “Миллий бирлик”дан Европарламент депутатларига ёрдамчи сифатида ёлланган одамлар аслида ўз Европа Иттифоқидаги вакиллари учун эмас, балки шахсан Ле Пен ёки унинг партияси учун ишлаган. Шундай қилиб, Тьерри Легьенинг "ёрдамчилари" дан бири партия асосчиси Жан-Мари Ле Пеннинг қарийб йигирма йил давомида қўриқчиси бўлган, кейинроқ Марин Ле Пеннинг қўриқчиси бўлиб ишлаган. Шунингдек, у ўз фаолияти ҳақида китоб нашр этди, унда Европа парламентидаги лавозим ҳақида ҳеч қандай гап йўқ.
Европа Парламенти маблағларини ўғирлаш иши
2015 йилда Париж прокуратураси Европарламентдаги “Миллий фронт” (МФ) вакиллари 20 га яқин ходимни нотўғри ёллаганликда гумон қилиниб, тергов бошлаган эди. Прокуратура бу одамлар Европарламентдан маош олгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади, гарчи аслида улар МФда ишлашда давом этган.
2018 йилда Европа Иттифоқи Адлия суди Жан-Мари Ле Пен ва унинг шериги Брюно Гольниш билан боғлиқ шунга ўхшаш иш бўйича қарор чиқарган эди. Ўшанда суд сиёсатчилар Европарламентга юз минглаб евроларни қайтариши керак деган қарорга келди.
Маълумот учун, Марин Ле Пен 2022 йилда “Миллий бирлик” партиясидан президентликка номзод сифатида кўрсатилган ва сайловнинг иккинчи турида мамлакатнинг амалдаги Президенти Эммануэль Макрон билан курашган. Сайлов натижасига кўра эса Марин Ле Пен 41,45 фоиз овоз тўплаб, мағлуб бўлган.
LiveБарчаси