Париж-2024. Омадсиз бошланган Олимпиада
Спорт
−
28 Июль
6650Германия яшил майдонлари мезбонлик қилган Евро тугади, АҚШда ўтказилган Копа Америка ҳам ўз поёнига етди. Энди бутун дунё спорт ихлосмандларининг эътибори 2 ҳафта давомида Франция пойтахти Парижга қаратилади. Гўзал Париж тўрт йилликнинг энг йирик спорт мусобақаси Олимпиада ўйинларини ўзида қабул қилади. Олимпиада ҳали бошланмасданоқ Парижда спортчилар билан боғлиқ, ташкилотчилик билан боғлиқ қатор муаммолар юзага чиқмоқда. Ҳали қарама қайсидир спортчи талон-торож қилинади, ҳали қарама иштирокчи ва мураббийлар Парижда овқат етишмаётганидан нолийди. Хуллас, бу йилги Олимпиада спортга хос ажойиб натижалару, рекордлар билан эмас, балки можарою муаммолари билан эсда қолади чоғи. Ассалому алайкум. Ортда қолаётган ҳафта спортига оид тренддаги мавзулар билан QALAMPIR.UZ’да спорт дайжести.
Иброҳимҳалил Йўлдошев терма жамоа сафини тарк этди
Парижда давом этаётган Олимпиада ўйинларида футбол бўйича Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси сафида тўп тепаётган Иброҳимҳалил Йўлдошев терма жамоа сафини тарк этди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати хабар берди.
QALAMPIR.UZ манбасига кўра, 23 ёшли футболчи фарзандининг бетоблиги боис, Париж шаҳрини тарк этишга мажбур бўлган.
Маълумот учун, Йўлдошев Қозоғистоннинг “Қайрат” клуби аъзоси ҳисобланади. Трансфер нархи 800 минг еврога баҳоланган футболчи жорий мавсум клуб сафида 13 та ўйинда майдонга тушиб, 2 та гол урди ва 1 та голли узатмани амалга оширди.
Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Олимпиададаги кейинги ўйинини 27 июль куни Миср жамоасига қарши ўтказади.
Спортчилар Олимпия шаҳарчасида овқат етишмаслигидан норози бўлмоқда
Спортчилар Париж-2024 Олимпия шаҳарчасида озиқ-овқат етишмаслигидан шикоят қилди. Бу ҳақда “L'Equipe” хабар берди.
Манбага кўра, ташкилотчилар истеъмол маҳсулотлари ҳамма учун етарли бўлишини таъминлаш учун баъзи турдаги озиқ-овқатларни рационга киритишлари керак. Мисол учун, спортчилар товуқ тухумининг камлиги ва бошқа баъзи маҳсулотларни етказиш тезлигидан шикоят қилмоқда.
Олимпия шаҳарчасида фаолият юритувчи “Sodexo Live” ресторани бу масалани ҳал қилишини билдирди.
“Биз спортчиларнинг фикр-мулоҳазаларини жиддий қабул қиламиз ва Олимпия шаҳарчасидаги ресторанларнинг сиғимини оширишга, шунингдек, ҳақиқий истеъмолга мослаштириш учун фаол иш олиб боряпмиз. Баъзи маҳсулотлар, масалан, тухум ва товуқ гўштига спортчиларнинг эҳтиёжлари кўплиги учун етказиб бериш ҳажми оширилади. Ўйинлар вақтида спортчиларни овқатланиши учун 600 тонна янги озиқ-овқат етказиб беришга масъул бўлган “Carrefour” компанияси истеъмол ҳажмини ҳисоб-китобга олган ҳолда, режалаштирилган таъминот ҳажмини ошириш масаласини қайта кўриб чиқади”, дейди ташкилотчи.
Парижга спортчилар учун Ўзбекистондан махсус овқатлар жўнатилди
Парижда бўлиб турган Ўзбекистон делегацияси аъзоларига миллий таомлар жўнатилди. Бу ҳақда Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
“Йирик комплекс мусобақаларда спортчиларимиз ҳеч қачон таомлардан қийналмаган. Давлатимизнинг қўллаб-қувватлаши билан ҳар бир мусобақаларда атлетларимиз учун миллий таомларимиз келтирилади", дейилади манба хабарида.
Қайд этилишича, Парижда ҳам делегация аъзоларига овқатланишлари учун алоҳида шароит яратилган.
“Шифокорлар ва диетологлар билан келишилган ҳолда атлетлар учун энг керакли ва фойдали, витаминларга бой овқатлар олиб келинган. Олимпия шаҳарчасидаги спортчиларимизга кун давомида ана шундай таомлар тортиқ қилинмоқда”, дейилади МОҚ хабарида.
Олимпиада баҳслари учун салкам 9 миллион чипта сотилди
Ҳозирга қадар Парижда бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларига рекорд миқдорда чипталар сотилди. Бу ҳақда Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) спорт директори Кит Макконнелл маълум қилди.
“8,8 миллиондан ортиқ чипталар сотилди – бу ажойиб кўрсаткич. Франциядаги спорт мусобақалари учун тарихдаги энг кўп чипталар ўз эгасини топиши кутилмоқда”, дейди Макконнелл.
Қайд этиш жоиз, бу борада олдинги рекорд 1996 йилги Атланта Олимпиадасига тегишли эди. АҚШда ўтказилган мусобақалар учун 8,3 миллион чипта сотилган.
Маълумот учун, Парижда ўтказиладиган баҳслар тарихдаги 33-Олимпиада ҳисобланади. Шаҳар ўз тарихида 3-марта ёзги спорт ўйинларига мезбонлик қилади. Бунгача 1900 ва 1924 йилларда Олимпиада Франция пойтахтида ўтказилган.
Париж-2024: Аргентиналик футболчининг қимматбаҳо нарсалари ўғирланди
Аргентина терма жамоаси ярим ҳимоячиси Тиаго Алмаданинг буюмлари футбол бўйича Олимпия ўйинларининг гуруҳ босқичининг очилиш босқичи олдидан ўғирлаб кетилди. Бу ҳақда Аргентина олимпия терма жамоаси бош мураббийи Хавьер Маскерано “TyC Sports”га берган интервьюсида айтди.
“Тиаго Алмаданинг буюмлари ўғирланган, узуклар ва соатлар машғулотдан сўнг йўқолган, аммо биз бу ҳақда қаергадир мурожаат қилишни истамадик”, дейди Маскерано.
Биринчи турда аргентиналиклар Марокаш терма жамоасига 1:2 ҳисобида мағлуб бўлди, учрашув иккинчи бўлим охирида тартибсизликлар туфайли тўхтатилди ва икки соатдан кейин бўш трибуналар билан давом эттирилди. Кейинги турда Аргентина терма жамоаси биринчи турда Украинани 2:1 ҳисобида мағлуб этган Ироқ термасига қарши баҳс олиб боради. Учрашув 27 июль куни Лионда бўлиб ўтади ва баҳс Тошкент вақти билан соат 18:00 да бошланади.
Олимпия ўйинларининг футбол баҳслари 24 июлдан 10 августгача Франциянинг етти шаҳрида бўлиб ўтади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь