Пара Осиё ўйинлари. 8-ўрин Ўзбекистонга ярашганми?

Спорт

image

Жорий йилнинг 22-28 октябрь кунлари Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилган IV Пара Осиё ўйинлари Ўзбекистон учун умумий 79 та медаль билан якунланди. Делегация мусобақалар тарихидаги энг катта таркиб билан қатнашиб, якунда медаллар сони ва сифати бўйича қитъа давлатлари орасида 8-ўринни эгаллади.

79 та медаль – бу Ўзбекистоннинг мусобақалар тарихидаги энг серҳмаҳсул натижаси ҳисобланади, бироқ 2018 йил Жакартада ўтказилган баҳсларда Ўзбекистон 6-ўринни, 2014 йил Инчон мезбонлигидаги мусобақада эса 5-ўринни эгаллаганди. Хулосалар эса ўзбекистонлик пара атлетлар сонда кучайиб, сифат борасида бироз ортга қадам ташлаётганини кўрсатади, гўё.

Хўш, натижалар яхшироқ бўлиши мумкинмиди? Ўзбекистон 8-ўринни эгаллашига қандай омиллар таъсир қилди?

Аввало, қитъада пара спорт бўйича яхшигина рақобат юзага келганини кўриш мумкин. Хитойнинг Осиё спортидаги гегемониясини четга суриб айтадиган бўлсак, Ханчжоу-2022 рейтингидан юқори саккизликни банд этган мамлакатлар пара спорти ўзаро тенг рақобат қила олишини кўриш мумкин. Айниқса, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Индонезия, Таиланд ва ўзбекистонлик пара атлетлар “қитъа Паралимпиадаси” якунига қадар 3-ўрин учун курашиб келди. Рейтингда 8-ўриндаги жамоа билан 3-поғонани банд этган жамоа ўртасида медаллар сони ва сифати борасида йирик тафовут ҳосил бўлмаган. Агар Ўзбекистоннинг бир қатор олтин кутилган, жумладан, пара енгил атлетикачилар Хусниддин Норбеков, Элбек Султонов ва яна бошқа бир қатор спортчилари 1-ўринни эгаллаганида мамлакатнинг рейтингдаги ўрни анча яхшиланиши мумкин эди, бироқ Султонов кумуш, Норбеков эса бронза медали билан чекланди. Балки, улар Париж-2024 учун бор кучини кўрсатишни истамагандир, лекин Осиёда ҳам Ўзбекистоннинг яна бир қатор лидер спортчиларига муносиб рақобатчилар етишиб чиқаётганини Ханчжоу-2022 кўрсатиб берди. Шундай бўлса ҳам, пара енгил атлетикачилар Ўзбекистонга Ханчжоу-2022 да энг кўп ва сифатли медалларни келтирди – 12 та олтин, 8 та кумуш ва 10 та бронза жами 30 та медаль. Бу борада пара атлетлар мезбон Хитой, шунингдек Эрон ва Ҳиндистондан кейин 4-ўринни банд этди.

Мусобақаларда Хитойдан ташқари, фақатгина ўзбекистонлик спортчилар шоҳсупанинг 3 та поғонасидан жой олди. Пара сузиш баҳсларининг C13 классининг 50 м эркин сузиш баҳсларида ўзбекистонлик Ислам Аслонов олтин, Музаффар Турсунхўжаев кумуш, Кирил Панков бронза медалини делегация ҳисобига қўшиб қўйди. Ўзбекистон пара сузувчилари қитъада етакчи эканлигини баҳслар давомида исботлай олди. Шунингдек, пара каноэ баҳсларида дебют қилган 6 нафар спортчининг барчаси, шоҳсупанинг 1-поғонасини банд этди. 

Пара каноэ спорт тури бўйича кўрсатилган мазкур натижа Ўзбекистонни Хитой ҳамда Эронни ортда қолдириб, Осиё мамлакатлари орасида 1-ўринни эгаллашига замин яратди. 

Ўзбекистон-Марказий Осиёда “Хитой”

Пара Осиё ўйинларида Ўзбекистоннинг қўшниларидан фақатгина қозоғистонлик пара атлетлар баҳсларда нисбатан яхшироқ қатнашди. Қозоғистон делегацияси баҳсларда умумий 8 та олтин, 12 та кумуш ва 25 та бронза – жами 41 та медаль тўплаб, 11-ўринни эгаллади, лекин Ўзбекистон билан медаллар борасидаги фарқ анчагина катта. Қўшнилар асосан пара дзюдо баҳсларида юқори пробадаги медалларга эга чиқди. Пара дзюдонинг эркаклар ўртасида -73 кг J1, -73 кг J2, аёллар ўртасида эса -48 кг J2 классида олтин медаллар Қозоғистонники бўлди. Пара дзюдо бўйича умумжамоа ҳисобида Қозоғистон 3 та олтин, 4 та кумуш ва 7 та бронза билан умумжамоа ҳисобида мезбонлардан кейин 2-ўринни эгаллади. Пара дзюдода Ўзбекистон вакилларидан катта натижалар кутилганди, аммо якунда пара дзюдочилар 1 та олтин, 6 та кумуш ва 5 та бронза – жами 12 та медаль билан чекланиб, 4-ўринни қайд этди. Бу сафар эронлик пара дзюдочилар ҳам медаллар сифати бўйича Ўзбекистонни ортда қолдирди.

Марказий Осиё давлатларидан Қирғизистон 4 та медаль билан умумжамоа ҳисобида 23-ўринни қайд этди. Қолган Марказий Осиё давлатлари вакиллари эса мусобақани медалсиз якунлади.

Ўзбекистон пара спортчилари қанча мукофот олади?

Ханчжоу-2022 Пара Осиё ўйинларида совриндор бўлган спортчилар, Осиё ўйинлари қаҳрамонлари сингари мукофот олади.

Президентнинг 2023 йил 8 апрелдаги 114-сонли қарори билан мукофот пулларининг янги миқдори тасдиқланган, АҚШ доллари кўринишидаги мукофот миқдори 2 баравар оширилган. 

Спортчиларга:
•  олтин медаль учун – 10 000 доллар;
•  кумуш медаль учун – 5 000 доллар;
•  бронза медаль учун – 2 500 доллар;

Спортчиларни тайёрлаган мураббийларга:
•  олтин медаль учун – 5 000 доллар;
•  кумуш медаль учун – 2 500 доллар;
•  бронза медаль учун – 1 250 доллар миқдорида ҳар бир медаль учун бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилиши белгиланган. 

Ханчжоу – Ўзбекистон учун мукаммал қўлланма

Ханчжоу Пара Осиё ўйинларида медаль қўлга кирита олмаган ўзбекистонлик спортчилар учун яхшигина тажриба мактаби бўлди. Бундан ташқари, 2025 йилда Ўзбекистон ёшлар ўртасида Осиё ва Пара Осиё ўйинларига мезбонлик қилади. Ўзбекистонлик спорт мутахассислари ташкилий масалалар бўйича Хитойдан яхшигина тажриба олгани аниқ. Айниқса, пара атлетларга керакли шароитларни яратиб бериш жуда долзарб масала ҳисобланади. 

QALAMPIR.UZ Осиё ва Пара Осиё ўйинларининг ташкилий масалаларига оид саволларни очиқ қолдириб, бу борадаги саволларга тез кунда Миллий Олимпия қўмитаси ва Паралимпия қўмитаси мутахассисларидан жавоб олишни режа қилган.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Пара Осиё ўйинлари ўзбек пара спортидаги ютуқ ва камчиликларни етарлича кўрсатиб бера олди. “Осиё Паралимпиадаси” ҳақиқий Паралимпиадада натижаларни яхшилашга хизмат қилса, Ўзбекистон учун энг катта ютуқ аввало шу бўлади.

 


Мақола муаллифи

Теглар

Пара дзюдо Пара Осиё ўйинлари Ханчжоу Хусниддин Норбеков Элбек Султонов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг