Пандемиядан кейин иқтисодий тикланишга қанча вақт кетади? Марказий банк изоҳ берди
Жамият
−
05 Май 2020
7155Коронавирус пандемиясидан кейин иқтисодий зарарнинг ҳажми ва иқтисодий тикланиш тезлиги вирусли инфекция тарқалишининг олдиниши олиш бўйича чораларнинг самарадорлиги ва пандемия (эпидемия)нинг тўлиқ йўқ қилиниш муддатига боғлиқ. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки халқаро тадқиқотлар натижасига таяниб маълум қилди.
Хусусан, тадқиқот натижаларига кўра, 1918-1919 йилларда АҚШнинг кўп штатларида испан гриппи пандемияси ва 2003 йилда Осиёда SARS эпидемияси давридаги қатъий карантин чоралари, улар қисқа муддатли иқтисодий пасайишга олиб келган бўлсада, пандемияни тезда бартараф этишга ва иқтисодий фаолликнинг тез тикланиши учун зарур шарт-шароитларни яратишга хизмат қилган.
Шу билан бирга, баъзи Европа мамлакатларида ва АҚШнинг бир қатор штатларида испан гриппи пандемиясига қарши қатъий чораларни кўрмаслик вируснинг тарқалиши билан боғлиқ иқтисодий инқирознинг чўзилишига ва натижада кенгроқ ҳажмдаги иқтисодий йўқотишларга олиб келган.
Халқаро тадқиқотлар натижалари шуни кўрсатадики, карантин даври тугаганидан сўнг, иқтисодиёт, шу жумладан, карантин чекловларидан энг кўп зарар кўрган соҳаларга пандемияга қадар бўлган даражасига қайтиши учун ўртача 3-12 ой керак бўлади.
Хусусан, электротехника ва енгил саноат, қурилиш материаллари саноати, қурилиш ишлари, молиявий ва тиббий хизматлар соҳаларида иқтисодий фаолликнинг тезроқ (ўртача тикланиш даври 2-3 ой) тикланиши аниқланган. Шу билан бирга, қуйидаги соҳаларда иқтисодий фаоллик нисбатан секин тикланади:
• туризм соҳасида – 5-10 ой (Мексикада 2013 йилда H1N1 пандемияси – 5 ой, Жанубий Кореяда MERS эпидемияси – 6 ой, 2003 йилда Гонконг ва Хитойда SARS эпидемияси – мос равишда 5 ой ва 10 ой);
• хизматлар ва чакана савдода – 4 ой;
• йўловчи ташишда – 3-7 ой, шу жумладан ҳаво транспорти – 5 ой (2003 йилда Осиё мамлакатларида SARS эпидемияси)
Ушбу тармоқларда иқтисодий фаолликнинг нисбатан секин тикланиши карантин чекловларининг нисбатан кеч олиб ташланиши ва аҳолининг пандемиядан кейинги ҳолатларга мослашиши учун маълум бир вақт талаб қилиниши билан боғлиқ.
Умуман олганда, пандемиянинг салбий оқибатларини минималлаштириш ва иқтисодий фаолликнинг тезроқ тикланишини таъминлашнинг асосий омилларидан бири бу вирус тарқалишига қарши ўз вақтида ва қатъий (агрессив) карантин чораларини қўллаш орқали пандемияни имкон қадар тезроқ бартараф этишдир.