Пандемия Ўзбекистонда автомобиль ва кўчмас мулк бозорига қандай таъсир қилди?

Жамият

image

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ) бош илмий ходими Ҳалилуллоҳ Ҳамидов коронавирус пандемиясининг кўчмас мулк ва автомобиль бозорларига таъсирини таҳлил қилди.

Кўчмас мулк

Таҳлил шуни кўрсатдики, карантинга қадар кўчмас мулк бозорида талаб ҳар ойда ўртача 6-7 фоизга ошиб борган. Тошкент ва Тошкент вилоятидаги кўчмас мулк бозорларидаги савдолар умумий бозор ҳажмининг 40-45 фоизини ташкил этган.

Кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича расмийлаштирилган шартномалар сонининг ўзгариши:

Апрель ойидан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб жорий қилинган локдаун кўчмас мулкка бўлган талабнинг 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 87,1 фоизга (Тошкент шаҳрида 94,2 фоиз ва Тошкент вилоятида 89,8 фоиз)га камайишига олиб келди. Май ва июнь ойларида республика бўйича кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича расмийлаштирилган шартномалар сони мос равишда 25,9 фоиз ва 135,2 фоизга юқорилаб кетди.

“Бу доимий рўйхатга олиш тартибининг соддалаштирилиши ва май ойидан бошлаб карантин чораларининг босқичма-босқич юмшатилиши билан изоҳланади”, деб қайд этмоқда мутахассис.

Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибининг ислоҳ қилиниши май ойида 2019 йилда тегишли даврга нисбатан кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сонининг Тошкент шаҳрида 148,7 фоизга, Тошкент вилоятида 26,5 фоизга ошиб, июнь ойида ушбу кўрсаткич мос равишда 257,5 фоиз ва 190,7 фоизни ташкил этди.

“Қизиғи, айнан шу даврда кўчмас мулк савдосининг ўсиши Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги уйларнинг нархларига деярли таъсир қилмади. Бу, асосан, илгари бошқа шахслар номига расмийлаштирилган уйларнинг ҳақиқий эгалари номига ўтказилиши билан изоҳланади”, деб таъкидламоқда Ҳалилуллоҳ Ҳамидов.

2020 йилнинг сентябрига келиб, кўчмас мулк бозорида талаб яна ўзининг узоқ муддатли трендига қайтди. Хусусан, сентябрь ойида кўчмас мулк олди-сотдилари сони ўтган ойга нисбатан 24,2 фоизга (2019 йилнинг мос даврига нисбатан 41,7 фоизга), октябрь ойида — 1,7 фоизга (24,8 фоизга), ноябрь ойида —0,5 фоизга (22,9 фоизга) ва декабрь ойида — 20,9 фоизга (-17,1 фоизга) ошди.

Автомобиль бозори

Статистикага кўра, республикада бирламчи ва иккиламчи бозорларда автомобиль савдосининг ойлик ўсиши ўртача 2-3 фоизни ташкил этади. Қатъий карантин тадбирларининг жорий этилиши натижасида март ойида рўйхатга олинган ва қайта рўйхатга олинган автомобиллар сони 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 17,3 фоизга (ўтган ойга нисбатан 34,6 фоизга), апрель ойида эса 73,8 фоизга (63,1 фоизга) камайди.

Май ойидан бошлаб автомобиль бозоридаги вазият яна тиклана бошлади. Июнь ойида автомобиль савдоси 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 14,8 фоизга ошди. Лекин, 10 июлдан 15 августгача карантин тадбирларини қайта жорий этилиши натижасида июль ойида автомобиль бозоридаги фаолият май июнь ойларига нисбатан бироз секинлашди.

Рўйхатга олинган ва қайта рўйхатга олинган автомобиллар сони:

Умуман олганда, 2020 йилда автомобиль савдоси ҳажми 2019 йилга нисбатан 2,5 фоизга камайди. Бу март, апрель ва июль ойларида автомобиль савдосининг кескин пасайиши билан изоҳланади.

“Шунга қарамасдан, 2020 йил август ойига келиб, кўчмас мулк ва автомобиль бозорларидаги вазият ўзининг узоқ муддатли трендига қайтгани аҳоли талабининг тикланиб бораётганлигини кўрсатмоқда”, дейди мутахассис.


Мақола муаллифи

Теглар

автомобиль кўчмас мулк

Баҳолаганлар

41

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг