Пандемия устидан ғалаба ҳақида гапиришга ҳали эрта – Путин

Олам 3277
image
-

Коронавирус пандемиясига қарши кураш жаҳон ҳамжамиятининг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришни талаб қилади. Россия Президенти Владимир Путин шундай фикр билдирган. Давлат раҳбарига кўра, вирус устидан ғалаба қозониш ҳақида гапиришга ҳали эрта, аммо пандемиядан сабоқ олиш керак.  

“Кўриниб турибдики, муаммолар сони доимий равишда ўсиб боради ва уларнинг аксарияти халқаро барқарорлик ва хавфсизликка, дунёнинг турли бурчакларидаги одамлар ҳаёти ва фаровонлигига таҳдид солади. Қуролларни назорат қилиш механизмларининг таназзулга учраши, террористик гуруҳлар фаолияти, кибержиноятчиликнинг кучайиши ва минтақавий можароларнинг ортиши каби муаммолар олдига энди коронавирус эпидемияси қўшилди”, деган Президент. 

Россия Президентининг сўзларига кўра, эпидемиянинг жиддий ижтимоий-иқтисодий оқибатлари ҳамма жойда сезилмоқда. 

“Бундай хавфли инфекцияга қарши кураш бутун дунё ҳамжамиятининг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришни, ҳалол ва тенг ҳуқуқли ҳамкорликни талаб қилади. Аммо, афсуски, ҳамма ҳам бунга тайёр эмас эди. Коронавирус устидан ғалаба ҳақида гапиришга ҳали эрта бўлса ҳам, ҳозир бу бахтсизликдан қандай сабоқ олишимиз, келажакда шундай вазият юзага келса қандай ҳаракат қилишимиз ҳақида ўйлашимиз муҳим”, деган Путин. 

Маълумот учун, коронавирус “ўчоғи” бўлган Хитойнинг Ухань шаҳрида COVID-19 эпидемияси 2019 йилнинг декабрь ойида бошланганди. 

8 июнь ҳолати бўйича бутун дунё бўйлаб ушбу вирусни юқтирганлар сони 174 млн 429 минг 426 кишига етди. 3 млн 753 минг 525 нафар бемор ундан вафот этди.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 70
Рейтинг: 3
t
×