Пандемия шароитида 2 млрддан ортиқ одам тоза ичимлик сувисиз яшаяпти – БМТ

Олам

image
0:00
0:00
download

Тоза ичимлик суви ва тоза ҳожатхоналар имтиёз эмас. Булар инсон қадр-қиммати ва ҳатто яшаш ҳуқуқи демакдир. Жорий йил 18 март куни БМТ Бош ассамблеясининг Сув ва санитария масалалари бўйича ўтказилган юқори даражадаги йиғилиши айнан шу ғояга асосланди. 

Йиғилишда БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессияси раиси Волкан Бозкир бугунги кундаги коронавирус пандемияси шароитида Ер сайёрасидаги деярли 3 миллиард одам оқаётган сувда қўл ювиш имкониятига эга эмаслигини маълум қилди. 

"Мен очиқ айтмоқчиман, биз ахлоқий инқироз ҳақида гаплашябмиз, юқори технологияли инновациялар даврида миллиардлаб одамлар тоза ичимлик сувисиз ёки қўлларини юволмасдан яшаётганига тоқат қилсак, бундай вазиятни қандай аташ керак?" деган раис.

Бош ассамблеянинг йиғилиши Барқарор ривожланишнинг олтинчи мақсадини амалга оширишга бағишланганди. 

У 2030 йилгача очиқ дефекация амалиётини бутунлай йўқ қилишни мақсад қилиб қўйган. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг биринчи ўринбосари Амина Муҳаммад дунёнинг олтинчи мақсадга эришишига ҳали анча вақт бор, деб ҳисоблайди. 

Унинг сўзларига кўра, ушбу мақсадга эришиш учун ҳозирги тараққиёт тезлигини тўрт баравар ошириш керак бўлади. 

Амина Муҳаммад иқлим ўзгариши, биологик хилма-хилликнинг йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланиши Ер сайёрасида сув танқислигини янада кучайишига олиб келади, деб қўрқишини маълум қилган. 

"2040 йилга келиб дунёдаги 18 ёшгача бўлган ҳар тўртинчи бола, яъни 600 миллионга яқин болалар ва ўспиринлар сув танқислиги жуда юқори бўлган ҳудудларда яшайди", деган Амина Муҳаммад. 

Бугунги кунда дунёда икки миллиарддан ортиқ одам тоза ичимлик сувидан маҳрум бўлиб, 4 миллиарддан ортиқ киши оддий санитария шароитида яшамоқда. 

Бош ассамблея делегатлари барчани тоза ичимлик суви ва замонавий ҳожатхоналар билан таъминлаш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишга чақирди. 

Улар тоза сувни бошқариш тизимини такомиллаштиришни тавсия қилди. 

Эслатиб ўтамиз, 2010 йил июль ойида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган резолюцияга кўра, ҳар бир киши шахсий ва маиший эҳтиёжлар учун кунига 50 дан 100 литргача тоза ичимлик сувидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.


Мақола муаллифи

Теглар

сув БМТ дунё

Баҳолаганлар

17

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг