“Пахтакор” “Навбаҳор” учрашувидаги жанжал “қаҳрамонлари” жазоланди
Спорт
−
05 Апрель 2022
6315Аввалроқ, футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигаси 4-тури доирасидаги “Пахтакор” – “Навбаҳор” учрашувидан кейин тартибсизлик юзага келгани ҳақида хабар берган эдик.
Учаршувга қўшиб берилган дақиқаларда “Пахтакор” фан-клуби етакчиси Жавоҳир Шокиров техник ҳудудда пайдо бўлди. Ўйиннинг 90+5-дақиқасида майдон ташқарисига чиқиб кетган тўпни “Навбаҳор Лочинлари” жамоаси футболчисига қайтариб бериш ўрнига, Шокиров тўпни бошқа томонга намойишкорона тепиб юборганди. Бу эса стадионга йиғилган мухлислар, рақиб жамоа аъзолари ва расмийларининг норозилигига сабаб бўлган.
Ўзбекистон Футбол ассоциацияси тартиб-интизом қўмитаси мазкур ҳолатни шрганиб чиқиб, “Пахтакор” футбол клубига нисбатан кўнгилсиз ҳолатларнинг бош сабабчиси сифатида молиявий жарима интизом чораси қўллашга қарор қилди.
Шунингдек, “Навбаҳор лочинлари” жамоаси мураббийи Григорий Колосовский юқоридаги вазият сабаб тинчлана олмагани ва майдонда, трибуна ости йўлакчасида, кийиниш хонаси атрофида рақиб жамоа вакиллари ҳамда ЎзПФЛ расмийлари билан жанжаллашгани, уларни шахсиятга тегувчи сўзлар билан бир неча бора сабабсиз ҳақорат қилгани ҳамда мураббийни тинчлантиришга уринган расмий шахсларга зарба беришга урингани ҳам қўмита томонидан ўрганилди.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат икки жамоанинг қолган расмийлари ўртасида жанжал келиб чиқишига, трибуна ости йўлакчасида тўполон кўтарилишига сабаб бўлган. Қўшимчасига, Колосовский ЎзПФЛ расмийси талабига риоя қилмай, аккредитацияни қайтаришдан бош тортган.
Шу сабабли Григорий Колосовскийга нисбатан 3 та ўйинга четлаштириш (дисквалификация) ва молиявий жарима интизом чораси қўлланилган.
“Григорий Колосовскийнинг номақбул ҳаракатлари “Навбаҳор Лочинлари” жамоаси дарвозабони Ўткир Юсуповни ҳам жанжалли вазиятга аралаштирди. Натижада, Юсупов “Пахтакор” фан-клуби етакчиси Жавоҳир Шокиров билан муштлашув содир этиб, унга зарба берди. Шуни инобатга олган ҳолда, Ўткир Юсуповга нисбатан молиявий жарима интизом чораси қўлланилди”, дейилади ЎФА хабарида.
Таъкидланишича, “Пахтакор” жамоаси матбуот котиби Беҳзод Назаров, клуб катта менежери Илҳом Яквалхўжаев ўйин якунлангач трибуна ости йўлакчасида ножўя хатти-ҳаракатларни амалга ошириб, “Навбаҳор лочинлари” жамоаси расмийларини қўпол сўзлар билан ҳақорат қилган. Шу сабабли Беҳзод Назаров ҳамда Илҳом Яквалхўжаевнинг ҳар бирига нисбатан молиявий жарима интизом чораси қўлланилган.
Бундан ташқари, “Навбаҳор Лочинлари” жамоаси ўйин якунлангач, кийиниш хонасининг ички ва ташқи деворларига зарар етказиб, уни таъмирталаб ҳолга келтирди. Шуни инобатга олиб, “Навбаҳор лочинлари” футбол клубига нисбатан молиявий жарима интизом чораси қўлланилган.
Маъруф Абдумаликов
LiveБарчаси