“Пахта-ғаллага давлат буюртмаси – “госплан” бекор бўлиши”. Адлия вазирлиги янги давр келганини айтмоқда
Жамият
−
31 Январь 2020
6466Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатида пахта ва ғалла учун давлат буюртмасини бекор қилиш қарори эълон қилинди. Агар бу тартиб амалга киритилса, қишлоқ хўжалигидаги маъмурий-буйруқбозлик йўқолиб, эркин иқтисодиётга ўтар, балки. Эски тартиб айни вақтда бекор қилиниши зарурлиги бўйича Адлия вазирлиги томонидан ҳуқуқий таҳлил эълон қилинибди.
Муҳимлиги ва ривожланиш омиллари
Пахта ва ғаллага давлат буюртмасининг бекор бўлиши эса буюртмачининг бу соҳага аралашувини камайтиради. Бу борада сафарбар этиб келинган ресурслар мақсадга мувофиқ тақсимланади: хусусан, ҳокимликларга бошқа муҳим стратегик вазифалари, айниқса, бугунги кунда энг долзарб бўлган ижтимоий соҳа билан шуғулланиш имконияти яратилади.
Умуман олганда, ҳар қандай соҳада бўлгани каби, қишлоқ хўжалиги соҳасининг ривожланишига катта туртки бўлувчи омиллар мавжуд бўлиб, улар ичида энг муҳим ва фундаменталларидан бири – бу мулкка, мулкий ҳуқуқларга бўлган муносабат ва шароитдир.
Тарихга назар солиб, қишлоқ хўжалиги соҳасида улкан ютуқларга эришган ёки хатоларга йўл қўйган мамлакатлар тажрибасини ўргансак, ушбу энг базавий қоида, яъни ерга бўлган ҳуқуқларнинг ҳимояланганлиги даражаси, қайта-қайта марказий омил сифатида гавдаланаверади.
Бу ерда гап ерга нисбатан хусусий мулкчилик муносабати тўғрисида кетмаяпти, балки ҳар қандай ҳуқуқнинг кафолати, яъни шу ҳуқуқни берувчи томонидан "ўйин қоидалари" га риоя этилиши, қоидаларнинг тез-тез ўзгаришига йўл қўйилмаслиги, яъни барқарорлиги, энг хавфлиси эса, ушбу ҳуқуқлардан жудо этмаслик истиқболларидир. Бу борада объектив нуқтаи назардан хавф-хатар қанча баланд бўлса, жозибадорлик шунча кам бўлаверади.
Бу албатта янгилик эмас, барча соҳада худди шу базавий тамойиллар ҳукмрон. Лекин айнан юқоридаги каби барқарор муносабатнинг мавжуд бўлиши ерга, демакки, қишлоқ хўжалигига инвестиция объекти сифатида қаралишига олиб келади.
Яъни, инвестор/фермер/тадбиркор ўз истиқболини олдиндан режалаштириб, манфаатини ҳисоб-китоб қилиб, мулкий объектларидан энг мақбул тарзда фойдаланиш йўлларини излайди, ер ҳақида қайғуради, тупроқ унумдорлигини ўйлайди. Қўшимча рақобат муҳитининг мавжуд бўлиши эса, уларни ўз ҳаракатларини кўп маротаба амалга оширишга мажбур қилади.
Ёки аксинча, ҳар томонлама объектив фаолият юритувчи, ер ҳуқуқлари ҳимоясини қатъий равишда таъминлай оладиган тизимнинг, яъни давлат институтларининг мавжуд бўлмаслиги, ер муносабатларида тартибсизликка олиб келиши мумкин. Бу масалада қонунларда кафолатлар белгиланган бўлиб, улар амалиётда татбиқ этилмаса ҳам, худди шундай салбий оқибатлар юз беради (Уганда, Мексика).
Ер бу давлатнинг ва халқнинг энг қимматбаҳо активи, яъни хазинасидаги бойлиги ҳисобланади. Ундан максимал даражада самарали фойдаланиш эса энг катта мақсаддир. Агар сизнинг қандайдир қимматбаҳо шахсий мулкингиз бўлса, албатта, унинг баҳосини бозор қийматида белгилайсиз, шунга яраша фойда кўришни хоҳлайсиз, 100 сўмлик шахсий мулкингизни 10 сўмга бериб қўймайсиз.
Мозийга қараб иш тутмоқ хайрлидир, деб Абдулла Қодирий жуда тўғри таъкидлаган.
Машҳур олимлар таҳлилларига ёки умуман тарихий эволюцияга эътибор бериладиган бўлса, айрим давлатларнинг ер ҳуқуқларига муносабатлари қишлоқ хўжалигидаги унумдорликка тўғридан тўғри таъсир қилиб келган.
Россия империясида Столипиннинг ер ислоҳотларига қарасак, 1861 йилда крепостной ҳуқуқи бекор бўлганидан кейин, 1906 йилда ерга эгалик қилиш ҳуқуқи берила бошланиши меҳнат унумдорлигининг ошишига олиб келган. Афсус, яқин тарихдан биламизки, бўлиб ўтган революциялар ва кейинчалик Совет Иттифоқида юз берган тескари жараёнлар, яъни мажбурий коллективлаштириш сиёсати қишлоқ хўжалигига катта таъсир қилди. Худди шундай сиёсат Жазоир, Чили, ГДР, Мозамбик, Никарагуа, Перу давлатларида юз бериб, ўхшаш салбий натижаларни қайд қилган.
Хитойда эса машҳур Ден Сяопин ўз ислоҳотларини айнан аграр соҳадан бошлаб, ерларни тақсимлаб, фермерларга мустақиллик бериши оқибатида, Хитойнинг қишлоқ хўжалиги унумдорлиги бирдан ошишни бошлаган.
Иккинчи жаҳон урушидан кейин Боливия, Ҳиндистон, Эфиопия, Эрон, Япония, Жанубий Корея, Тайванда ерларнинг ижарачиларга тақсимланиб берилиши унумдорликнинг кескин ошишига олиб келган. Бунда муҳим жиҳат бу ерларнинг тақсимланишида тенгликка риоя қилинишидир. 1960–2000 йиллардаги мониторинглар шуни кўрсатдики, қайси давлатларда ер тақсимланишида тенглик принципига амал қилинса (озчилик қўлида кўп ер концентрацияси юз бермаса), ўша мамлакатда ЯИМнинг юқори ўсиш суръатлари қайд этилади. Бу машҳур Gini индекси бўйича ҳисобланганда ҳам, яққол кўзга ташланади.
Аксинча, давлатнинг нарх шаклланишидаги аралашуви қандай натижаларга олиб келишини қуйидаги мисолда ҳам кўриш мумкин. Сиерра Леонда какао ва кофе нархлари тез ўзгариб турарди, хусусан, бир ҳосилдан иккинчисига қараб нархлар ўртасида фарқ жуда сезиларли бўларди. Бу, табиийки, фермерларнинг даромадига ўз таъсирини кўрсатар эди.
1949 йилда фермерларни қўллаб-қувватлаш учун Бозор кенгаши деган тузилма ташкил этилади. Кенгаш нархлар арзон бўлиб қолган вақтда фермерлардан маҳсулотни қимматроқ, нархлар қиммат бўлиб кетса, арзонроқ сотиб олиш орқали кескин нарх ўзгаришини барқарор бошқариб бориши керак эди.
Ғоя яхши, фақат реал ҳаётда бу тескари натижага олиб келди. Бозор кенгаши фаолияти ва маъмурчилиги учун маблағлар керак эди. Бу маблағлар албатта фермерлар ҳисобидан олинарди. Шундай экан, асосий вазифани бажариш учун маълум бир ҳосилда фермерларга бозор нархлардан сал камроқ пул тўлана бошланди. “Сал камроқ” тушунчаси эса йиллар давомида катталашиб бораверди. Сиерра Леоне 1961 йилда ўз мустақиллигига эришгандан кейин ҳам бу тизим сақланиб қолди. Натижада 60-йилларда, мардонавор бозор кенгаши какао фермерларига маҳсулотнинг бозор нархидан 48 фоизини, кофе маҳсулотининг 49 фоизини тўлаб берган бўлса, 1985 йилларга келиб бу кўрсаткич тегишлича 19 ва 27 фоизга тушиб кетди.
Шундай экан, пахта ва ғалла учун давлат буюртмасининг бекор бўлиши ҳам айнан қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг ўз ерларидан ўзлари хоҳлаганича фойдалана олиши, бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб экинларни жойлаштириши ва нархларни шакллантиришини тақозо этади. Ерларга бўлган ҳуқуқлар ҳимоясининг янада кучайтирилиши эса қишлоқ хўжалигидаги унумдорлик ва ривожланишни жуда юқори даражага кўтариши аниқ. Ушбу қадам қишлоқ хўжалигида Ўзбекистон тарихида янги давр бошланганидан далолат беради.
Куни кеча қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4575-сон қарори мурожаатда белгиланган вазифаларнинг ижросига жиддий киришилганлигини англатади. Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 10 йиллик стратегиясини 2020 йилда амалга ошириш чора-тадбирларини кўзда тутувчи мазкур қарорда бу борада аниқ механизмлар кўзда тутилган.
LiveБарчаси