Озиқ-овқатга тўла тўртта кема Украина портларини тарк этишга рухсат олди

Олам

image

Бугун, 7 август куни Бирлашган мувофиқлаштириш маркази озиқ-овқат ташийдиган тўртта кемага Украина портларидан чиқишга рухсат берди. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълум қилган.

"Мувофиқлаштирувчи марказ бешта кемага денгиз гуманитар йўлагига киришга рухсат берди. Тўртта кема Черноморск ва Одессадан сузиб кетмоқда, улар 161 084 тонна озиқ-овқат ташийди", дейилади хабарда. 

Истанбул яқинида лангар қўйган яна бир MV OSPREY S кемаси Черноморск портига боришга рухсат олган.

БМТ маълумотларига кўра, MV GLORY ва MV RIVA WIND юк кемалари Туркияга жами 100 минг тоннадан ортиқ маккажўхори етказиб беради, MV STAR HELENA кемаси 45 минг тонна ун билан Хитойга йўл олади ва  MV MUSTAFA NECATI кемаси Италияга 6000 тонна кунгабоқар ёғини етказиб беради. Барча кемалар белгиланган тартибда Туркияда кўрикдан ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 июль куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, Туркия Миллий Мудофаа вазири Ҳулуси Акар, Россия Миллий Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Украина Инфратузилма вазири Александр Кубраков иштирокида “Дон йўлаги” ҳужжати имзоланди. Украинадан ғалла экспорти бўйича келишув Одесса, шунингдек, Черноморск ва Южнийдан хавфсиз йўлакларни яратишни назарда тутади. Ушбу келишув жаҳон бозорларига камида 25 миллион тонна дон етказиб бериш имконини беради.

Украина Қуролли Кучларининг “Жануб” оператив қўмондонлиги Истанбулда шартнома тузилганига 24 соат тўлмасдан, 23 июль куни эрталаб Россия ҳарбийлари Одесса денгиз савдо портига “Калибр” ракеталари билан ҳужум уюштиргани ҳақида хабар берди.

Украина ТИВ  ҳужумга муносабат билдириб, Россия ракетаси Владимир Путиннинг БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг юзига тупуриш, деб баҳолади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

157

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг