Озиқ-овқатдан, кийим-кечаккача. Тошкентда Туркияга ёрдам йиғилмоқда

Жамият

Жорий йилнинг 6 февралида Туркияда содир бўлган зилзила оқибатида ҳозиргача вафот этганлар сони 16 170 нафарга етди, 64 194 минг киши жароҳатланган. Зилзиладан кейин 70 та давлат ва 14 халқаро ташкилот Туркияга ёрдам таклифини билдирди. Маълумки, улар орасида Ўзбекистон ҳам бор.

Пойтахт Тошкентда Савдо-саноат палатаси ҳамда “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси томонидан зилзиладан талафот кўрган туркияликларга инсонпарварлик ёрдамини тўплаш маркази ташкил қилинди. Бу Ўзбекистоннинг Туркия халқига кўрсатган навбатдаги ёрдами.

Хайрия марказида ишлар 8 февраль куни тонгдан бошланган. Ҳозирда 14 та ҳудудда штаблар ташкил қилиниб, кундалик эҳтиёжларга керак бўладиган 100 дан ортиқ маҳсулотлар йиғилмоқда. 

“Хайрия марказимизда иккинчи кун ишлар жадаллашди. Тадбиркорлар катта юк машиналарида янги кийим-кечаклар ва озиқ-овқат маҳсулотларини олиб келиб, беминнат ёрдам кўрсатишмоқда”, дейди Савдо-саноат палатаси ходими.

Хайрия ишларида қатнашаётганларнинг 250 нафардан ортиғи ташкилот ходимлари, 150 нафари эса кўнгиллилардан иборат.

Қардош халқ учун одамлар топганларини бир жойга жамлаяпти. Шу ўринда бир эркак ўз кечинмаларини оқ қоғозга тушураётганига кўзимиз тушди.

“Кўпчилик ўз кечинмалари ва таъзияларини ёзиб бизга беряпти, биз уларни йиғиб маҳсулотлар орасига солиб қўямиз”, дейди хайрия ишига бош-қошлардан бири

Олиб келинаётган эҳсонлар етарлича, бироқ уларнинг сифати-чи, меъёрларга тўғри келадими? Бу борада назорат қандай?

“Хайрия қилаётган маҳсулотларларни барчаси рўйхатга олиняпти. Уларнинг керакли маълумотлари ҳам бизда мавжуд. Бундан ташқари, жўнатилаётган кийим-кечакларни ёш тоифаларгача бўлиб қўйяпмиз. Ҳамма маҳсулотлар тартиб билан жўнатилади”, дейди “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси раҳбари Хайрулла Саттаров.

Акобир Мисиралиев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Туркиядаги зилзила

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг