Озарбайжонда қолиб кетган 28 ўзбекистонликка махсус ёрдам кўрсатилди
Олам
−
06 Апрель 2020
5406Ўзбекистонда коронавирус аниқлангач, халқаро транспортнинг барча турлари тўхтатилди. Шу боис айрим давлатларда ўзбекистонликлар ҳамон бўлиб турибди. Жумладан, Озарбойжонда ҳам. “Дунё” ахборот агентлигининг маълум қилишича, Ўзбекистоннинг Бакудаги элчихонаси уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатмоқда. Ватандошларни Озарбойжонда вақтинча бўлишларини ташкил этишда молиявий ва маиший масалаларни ҳал қилмоқда.
Маълумотларга кўра, дипломатик ваколатхона томонидан Бакудан 200 километр узоқликда жойлашган Озарбойжоннинг Губа вилоятидаги "Назли булақ" дам олиш марказида 28 кишини вақтинча жойлаштириш масаласи ишлаб чиқилган.
Меҳмонхоналарда ва ижарага бериладиган уйларда яшаш учун етарли маблағга эга бўлмаган ўзбекистонликлар 5 апрель куни дам олиш масканига олиб кетилган. Улар уй-жой, кунига уч маҳал иссиқ овқат ва тиббий ёрдам билан таъминланган.
“Ушбу ишларни амалга ошириш билан боғлиқ барча харажатлар 2019 йилдан бери Ўзбекистонда ишлаб келаётган Озарбайжоннинг “CTC Holding” компанияси томонидан қопланади. Компания вакиллари ҳозирги кунда Бакуда қолишни маъқул кўрган бошқа ўзбекистонликларни ҳам мазкур дам олиш масканига жойлаштиришга ёрдам беришга тайёр эканини билдирган”, дейилади агентлик томонидан берилган маълумотда.
LiveБарчаси