Озарбайжонлик депутат Ганира Пашаева УрДУнинг фахрий профессори бўлди

Маданият-санъат

image

Кеча, 27 октябрь куни Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият маркази томонидан Хоразм вилоятида ўтказилаётган маданият ва адабиёт кунлари доирасида Урганч шаҳридаги Ал-Хоразмий номидаги Урганч Давлат университети ўқитувчи ва талабалари билан учрашув ҳамда Озарбайжон Миллий Мажлиси Маданият қўмитаси раиси Ганира Пашаеванинг “Ўзбекистон қадам-бақадам”китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда Ганира Пашаева бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этди.

Урганч давлат университети ректори, профессор Баҳром Абдуллаев озарбайжонлик меҳмонларни қутлар экан, “Ўзбекистон қадам-бақадам” китобининг аҳамияти ҳақида тўхталиб, икки мамлакат ўртасидаги барча соҳалардаги, жумладан, маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш ҳақида сўз очди. Озарбайжоннинг шоир ва ёзувчилари қадим замонлардан буён хоразмлик қалам аҳллари билан дўстона алоқаларни сақлаб келганлигини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги қарори билан Ганира Пашаева университетнинг фахрий профессори унвонига лойиқ кўрилди. Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази директори Самир Аббосов ҳам ҳамкорликни кенгайтириш соҳасидаги хизматлари учун университетнинг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.

Тадбир давомида Ганира Пашаева икки мамлакат ўртасидаги барча соҳаларда, жумладан, маданий-гуманитар соҳадаги алоқаларни ривожлантириш, ушбу университет ва Озарбайжон олий мактаблари ўртасида ўқитувчи ва талабалар алмашинуви зарурлиги ҳақида сўз юритди.

Қўмита раиси таниқли Озарбайжон ёзувчиси Юсуф Везир Чаманзаминлининг қатағон йилларида ўзига нисбатан хавф сезгани боис Хоразмга келгани ва бу университетда бир неча йил дарс берганини, кейин Бакуга чақирилиб, ҳибсга олингани ва ҳеч қандай айби бўлмаса-да отиб ташланганини сўзлаб берди. 

Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази директори Самир Аббосов Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасида маданий-гуманитар соҳадаги алоқаларни янада кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталди. Маданият маркази ташаббуси билан буюк Озарбайжон шоири Низомий Ганжавийнинг “Хамса”си Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол томонидан ўзбек тилига таржима қилинганини қайд этди. Самир Аббосов бу йил буюк Озарбайжон шоири Низомий Ганжавийнинг 880 йиллиги муносабати билан Президент Илҳом Алиев “Низомий Ганжавий йили”деб эълон қилди, дея таъкидлади.

Марказ директори бу йил Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларда улуғ ўзбек шоири Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланган турли тадбирлар ўтказилаётгани ва унинг асарлари чоп этилаётганини ҳам таъкидлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон

Баҳолаганлар

4

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг