Озарбайжонда ҳам президент сайлови ўтказилиши эълон қилинди
Олам
−
07 Декабрь 2023
5424Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев навбатдан ташқари президентлик сайловини ўтказиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Фармонда билдирилишича, Озарбайжон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Озарбайжон Республикасининг навбатдан ташқари Президент сайлови 2024 йил 7 февралга белгиланишини ва Озарбайжон Республикаси Сайлов кодексида белгиланган тартибда ўтказилишини таъминлаши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг 2018 йил 5 февралдаги фармонига кўра, Озарбайжонда муддатидан олдин президентлик сайлови ўша йилнинг 11 апрел куни ўтказилди. Унда Илҳом Алиев сайловчиларнинг 86,02 фоиз овозини қўлга киритиб, Озарбайжон Республикаси Президенти этиб қайта сайланди. Конституцияга кўра, навбатдаги президентлик сайловлари 2025 йилда ўтказилиши керак эди.
Озарбайжон Конституциясининг 101-моддаси 1-бандига кўра, Озарбайжон Республикаси Президенти умумий, тенг ва тўғридан тўғри сайлов ҳуқуқи асосида эркин, шахсий ва яширин овоз бериш йўли билан 7 йил муддатга сайланади. Озарбайжон Республикаси Президенти навбатдан ташқари Озарбайжон Республикаси Президенти сайловини эълон қилиши мумкин.
62 яшар Илҳом Алиев 2003 йилдан буён 20 йил давомида президентлик курсисини эгаллаб келмоқда. У 2003, 2008, 2013 ва 2018 йилларда ўтказилган президент сайловларида ғалаба қозонгани айтилади. Унгача – 1993-2003 йилларда мамлакатни Илҳом Алиевнинг отаси Ҳайдар Алиев бошқарган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда президентлик сайлови санаси белгиланганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь